Жорий йил 20 апрель куни "Агробанк" АТБ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 13 мартдаги ПҚ-99-сонли "Қишлоқ хўжалигида замонавий технологияларни жорий қилишга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижросига бағишланган матбуот анжумани ўтказди. Тадбирда фермерлар, аграр соҳа экспертлари, банк раҳбарияти ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Фото: Агробанк
Анжуманда банк зиммасига юклатилган 2026 йилги вазифалар батафсил ёритилди. Белгиланган молиявий кўрсаткичларга кўра, жорий йилда ташқи ва ички манбалар ҳисобидан 25 триллион сўм миқдорида қўшимча ресурслар жалб қилиниши режалаштирилган — шундан 600 миллион АҚШ доллари хорижий молия институтларидан, 18 триллион сўм эса ички манбалардан шакллантирилади.

Фото: Агробанк
Инфратузилма бўйича ҳар бир ҳудудда агрохизмат зоналари ташкил этилади. Ушбу зоналарда банк хизматлари билан бир қаторда агрономик маслаҳатлар, тупроқ таҳлили, сув ва энергия тежовчи технологиялар, кўчат етказиб бериш хизматлари кўрсатилади. Шу тариқа "Агробанк" фақат кредит ажратувчи муассасадан комплекс хизмат кўрсатувчи тизимга айланиши кўзда тутилган.

Фото: Агробанк
Рақамли йўналишда сунъий интеллект, масофавий мониторинг ва "big data" технологияларига асосланган Қишлоқ хўжалиги мониторинг маркази ташкил этилади. Марказ экин майдонларини аэрокосмик кузатиш, ҳосилдорлик прогнозини шакллантириш ва кредитлардан мақсадли фойдаланишни назорат қилиш вазифаларини бажаради. Жиззах вилоятида боғдорчилик, Сирдарё вилоятида эса чорвачилик бўйича сунъий интеллектга асосланган пилот лойиҳалар амалга оширилади.

Фото: Агробанк
Стартап экотизими учун "Агробанк" таъсисчилигида "Agro Ventures" жамияти тузилган. Тузилма инновацион ғояларни молиялаштириш, акселерация ва тижоратлаштириш, шунингдек хорижий венчур компаниялар ва экспертлар билан ҳамкорлик вазифаларини олади. 2026–2027 йилларда қишлоқ хўжалиги соҳасида 10 та стартап лойиҳа амалга оширилиши белгиланган.

Фото: Агробанк
Халқаро ҳамкорлик доирасида Жаҳон банки билан рақамли маҳсулотлар ва молиялаштириш тизимини такомиллаштириш, Осиё тараққиёт банки билан бизнесни ривожлантириш, кредит рискларини бошқариш ва ESG тамойилларини татбиқ этиш бўйича қўшма лойиҳалар амалга оширилади. Таълим ҳамкорлиги доирасида 2026–2029 йилларда хорижий олий таълим муассасалари билан қўшма дастурлар, стажировкалар ва грантлар йўлга қўйилади.

Фото: Агробанк
Кадрлар тайёрлаш бўйича "Сувчилар мактаби" орқали ҳар йили 10 минг нафар фермер қамраб олиниши, "Фермерлар мактаби" онлайн платформаси орқали эса билимлар қамрови кенгайтирилиши режалаштирилган.

Фото: Агробанк
Молиявий қўллаб-қувватлаш шартлари доирасида аҳоли хонадонлари ва деҳқон хўжаликларига мевачиликни ривожлантириш учун имтиёзли асосларда кредитлар берилади.
