Микрокредитбанк корпоратив харид карталарини жорий қилди

16.04.2026 12:14

142

Микрокредитбанк томонидан бюджет ташкилотлари учун янги корпоратив харид карталари амалиётга жорий этилди. Мазкур тизим ғазначилик босқичларини четлаб ўтган ҳолда тезкор харидларни амалга ошириш, қоғозбозликни қисқартириш ва маблағлар сарфини шаффоф мониторинг қилиш имконини беради.

Фото: Микрокредитбанк

Бюджет ташкилотлари фаолиятида тезкорлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида Микрокредитбанк томонидан корпоратив харид карталари жорий қилинди. Амалдаги низомга мувофиқ, мазкур карталар орқали товарлар, ишлар ва хизматлар хариди ғазначилик бўлинмаларида олдиндан рўйхатдан ўтказилмасдан, тўғридан-тўғри шартномалар асосида амалга оширилади. Бу эса ташкилотларга фавқулодда ва кутилмаган хўжалик эҳтиёжларини қисқа вақт ичида ҳал қилиш имконини беради.

Янги тизим кичик қийматдаги харидлар учун ортиқча ҳужжатлаштириш жараёнларини бекор қилади. Шартнома тузиш, экспертизадан ўтказиш ва тўлов топшириқномаларини шакллантириш каби босқичларга кетадиган вақт ҳамда қоғозбозлик харажатлари сезиларли даражада қисқариб, ресурслардан оқилона фойдаланишга хизмат қилади.

Корпоратив харид картаси орқали амалга оширилган ҳар бир транзакция "UzASBO" дастурий мажмуаси ҳамда банк кўчирмалари орқали реал вақт режимида мониторинг қилиб борилади. Натижада бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши устидан доимий ва қатъий назорат таъминланади.

Харидлар бўйича ҳисоб-фактуралар ва электрон чекларнинг бухгалтерия ҳисобида автоматик тарзда акс этиши ҳисобдорлик тизимини сезиларли даражада соддалаштиради. Мазкур жараён инсон омилини камайтириб, хатоликлар эҳтимолини пасайтиради ва ҳисоб-китобларни тезлаштиради.

Шунингдек, тизим бухгалтерлар учун кенг имкониятлар яратиб, ташкилотнинг шахсий кабинети орқали карталарга маблағларни тезкор киритиш, уларни туну кун бошқа карталарга ўтказиш ҳамда харажат лимитларини белгилаш ва назорат қилиш имконини беради. Юқори турувчи вазирлик ёки идоралар томонидан қуйи ташкилотлар кесимида лимитлар ва харид тоифаларини белгилаш имконияти ҳам мавжуд.

Корпоратив банк карталари орқали харидларни амалга ошириш тизими ташкилотларга қарорларни тезкор қабул қилиш, маблағлардан самарали фойдаланиш ва молиявий интизомни кучайтиришда муҳим восита бўлиб хизмат қилади.

Теглар:

#микрокредитбанк

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган