КАТМ «Кредитга тақиқ» хизматига уланганлар бўйича статистика маълумотларига кўра 1 апрель ҳолати бўйича, ушбу хизматга уланган жисмоний шахслар сони 2 млн 207 минг 753 нафарни ташкил қилган.
Маълумотга кўра, фойдаланувчиларнинг 1 млн 283 минг 506 нафари эркаклар (58 фоиз), 924 минг 247 нафари эса аёллар (42 фоиз)дан иборат.

Фото: КАТМ
Хизматга уланганлар сони сўнгги ойларда кескин ошган. Хусусан, 2025 йил 1 июль ҳолатига бу кўрсаткич 33 минг нафарни ташкил этган бўлса, 1 октябрда 149 минг нафарга, 2026 йил 1 январь ҳолатига 438 минг нафарга етган. 1 апрель ҳолатига эса улар сони 2,2 миллиондан ошган.
Ёш тоифалари кесимида энг катта улуш 26−35 ёшдагилар ҳиссасига тўғри келади — 674 минг 617 нафар (31 фоиз). Шунингдек, 26 ёшгача бўлганлар 536 минг 860 нафар (24 фоиз), 36−45 ёшдагилар 528 минг 866 нафар (24 фоиз), 46−55 ёшдагилар 275 минг 201 нафар (12 фоиз) ва 56 ёшдан юқори фуқаролар 192 минг 209 нафарни (9 фоиз) ташкил этган.
Жисмоний шахслар учун ўз маълумотларини кредит битими тузиши тақиқланган шахслар реестрига киритиш хизмати 2025 йил 6 июндан бошлаб ишга тушганди. У орқали шахс кредит битими тузиши тақиқланган шахслар реестрига киритилиши ёки реестрдан чиқарилиши мумкин.
Бундай чора 2025 йил 4 март куни Президент томонидан имзоланган қонун доирасида жорий этилган бўлиб, у одамларга ўзининг хабарисиз кредитлар расмийлаштирилиши ҳолатларининг олдини олишга қаратилган.
