Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) миссияси Ўзбекистон бўйича 2026 йилги IV модда маслаҳатлашувларини якунлаб, ўзининг дастлабки хулосаларини эълон қилди. Ҳисоботда 2025 йилда кузатилган юқори иқтисодий ўсиш эътироф этилиши билан бирга, банк тизими, солиқ сиёсати ва давлат корхоналарини ислоҳ қилиш бўйича жиддий огоҳлантириш ва тавсиялар берилган.
Иқтисодиёт рекорд даражада ўсди, аммо хатарлар бор
ХВЖ маълумотларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти ҳайратланарли даражада барқарорликни намойиш этган. Ялпи ички маҳсулотнинг (ЯИМ) реал ўсиши 7,7 фоизни ташкил қилди, ишсизлик даражаси эса 4,8 фоизгача тушди. Инфляция 2025 йил охирига келиб 7,3 фоизгача пасайган бўлса , бюджет тақчиллиги ҳам кутилган 3 фоиз ўрнига 2,1 фоизни ташкил этган.
Бироқ, 2026 йилда ўсиш бироз секинлашиб 6,8 фоиз, 2027 йилда эса 6 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда. Бунга Яқин Шарқдаги уруш сабабли глобал иқтисодиётдаги ноаниқликлар ва нефт нархининг кўтарилиши таъсир қилиши айтилган. Ички хавфлар сифатида эса проциклик харажатлар ва имтиёзли кредитлаш дастурлари орқали талабни рағбатлантириш босими кўрсатилган.
Солиқ "таътиллари" ва имтиёзлар бекор қилиниши сўралмоқда
ХВЖ бюджет даромадларини ошириш ва инфляцияни жиловлаш учун қатьий солиқ сиёсатини таклиф қилмоқда. Ҳужжатда фойдага асосланган солиқ имтиёзларини, жумладан, солиқ таътиллари ва пасайтирилган корпоратив солиқ ставкаларини беришни тўхтатиш ва мавжудларини бекор қилиш, корпоратив даромад солиғи ҳамда қонундан ташқари тақдим этилган божхона имтиёзларига чек қўйиш, шунингдек, муайян акциз солиғи ставкаларини ошириш каби чоралар кўрилиши зарурлиги таъкидланган.
Давлат банклари ва имтиёзли кредитлар
Жамғарма давлат иштирокидаги тижорат банкларини ислоҳ қилиш ва хусусийлаштиришни тезлаштиришни талаб қилмоқда.
Хусусан, сурункали равишда ёмон кўрсаткичларга эга давлат банкларида зудлик билан чоралар кўрилиши, жумладан, керак бўлганда раҳбариятни алмаштириш талаб қилинмоқда. Заиф банклар эса қайта тузилиши ёки тугатилиши керак.
Мақсадли ва имтиёзли кредитлаш дастурларини босқичма-босқич бекор қилиш асосий устувор вазифа сифатида белгиланган. Шунингдек, ҳукумат дастурлари асосида бериладиган кредитларга ҳам макропруденциал чораларни татбиқ этиш тавсия қилинган.
Банк кредитлари бўйича фоиз ставкаларининг юқори чегарасини белгиламаслик айтиб ўтилган, чунки бу молиявий ресурслардан фойдаланишни қийинлаштириб, норасмий секторни рағбатлантиради.
Давлат бизнесдан "кетиши" керак
ХВЖнинг фикрича, рақобатбардош соҳаларда фаолият юритаётган даромадли давлат корхоналари хусусийлаштирилиши, фаолияти самарасиз бўлганлари эса ишчиларни қўллаб-қувватлаган ҳолда тугатилиши шарт.
Умуман олганда, Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистоннинг сўнгги йиллардаги иқтисодий чидамлилигини юқори баҳоламоқда, бироқ иқтисодиётни сунъий арзон пул ва имтиёзлар билан таъминлаш ўрнига, бозор механизмларига тўлиқ ўтиш вақти келганини очиқчасига эслатиб қўйди.
