Фарғона вилояти ИИБ томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида Қува туманида туғилган, 1997 йилда таваллуд топган фуқаро қўлга олинган. У ўзини воситачи сифатида таништириб, кредит тарихи ёмон бўлган фуқароларга маълум ҳақ эвазига муаммони «ҳал қилиб беришни» ва кредит олишда ёрдамлашишни ваъда қилган. Мазкур схема асосан фуқароларнинг ишончини суиистеъмол қилишга асосланган. Гумонланувчи мижоз сўраган суммадаги кредитни олиб бергач, уларнинг номидан яширинча қўшимча қарздорликларни ҳам расмийлаштирган.
Хусусан, жабрланувчилардан бири 130 миллион сўм кредит олган, бироқ кейинчалик унинг номига яна бир кредит расмийлаштирилгани маълум бўлган. Бошқа бир фуқаро эса ўзида 73 миллион сўмлик «ортиқча» қарздорлик пайдо бўлганини таъкидлаган. Фирибгар бу қарзни ўзи тўлаб беришини ваъда қилиб, кўп ўтмай алоқага чиқмай қўйган. Тергов жараёнида биометрик маълумотлардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, бир аёл кредит олиш мақсадида Face ID тизимидан ўтган ва шундан сўнг унга банк томонидан рад жавоби берилгани айтилган. Аммо икки ойдан сўнг унинг банк картасидан ўзи бехабар бўлган 80 миллион сўмлик кредит учун маблағ ечиб олина бошлаган. Яна бир ҳолатда эса фуқаро номига 105 миллион сўмдан ортиқ ипотека кредити расмийлаштириб юборилган.
Қўлга олинган шахс банк ходими эмаслигини, олинаётган кредитларнинг ҳақиқий миқдорини яшириб, улардан ўз шахсий манфаатлари йўлида фойдаланганини тан олган. Ҳолат юзасидан унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 22 апрелдан бошлаб кредит фирибгарлиги қурбонларини ҳимоя қилиш бўйича янги қоидалар кучга киради. Унга кўра, жиноий йўл билан расмийлаштирилган кредитлар бўйича фоизлар, жарималар ва неустойкалар ҳисобланиши тўхтатилади. Агар фуқародан маблағлар ундириб бўлинган бўлса, улар суд қарори асосида қайтариб берилади. Ҳуқуқ-тартибот идоралари фуқароларни кредит расмийлаштиришда бегона шахслар хизматидан фойдаланмасликка ва шубҳали ҳолатлар кузатилганда зудлик билан 102 рақамига мурожаат қилишга чақирмоқда.
