Тошкент шаҳрида «Асакабанк» АЖ ташаббуси остида сунъий интеллект (СИ) ривожланаётган шароитда HR (инсон ресурсларини бошқариш) трансформациясига бағишланган йирик халқаро конференция бўлиб ўтди. Тадбир Марказий Осиё минтақасининг етакчи HR экспертлари, бизнес бошқарувчилари ва технология сектори вакилларини ягона мулоқот майдонида жамлади.

Фото: Асакабанк
Конференция кун тартибидан меҳнат бозорида кузатилаётган туб ўзгаришлар, HR функциясининг қайта шаклланиши ҳамда инсон капиталини бошқариш жараёнларига сунъий интеллект ечимларини интеграция қилиш масалалари ўрин олди. Спикерлар томонидан иш ўринлари трансформацияси, янгича ёндашувларни татбиқ этиш ва глобал трендларнинг миллий бизнес ҳамда корпоратив секторга таъсири юзасидан таҳлилий фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Фото: Асакабанк
Сессиялар давомида ходимларни мотивация қилиш тизимларини замонавий талабларга мослаштириш, HR’нинг стратегик бизнес-ҳамкор сифатидаги ролини кучайтириш ҳамда жамоаларни ривожлантиришда менторлик моделларини жорий этиш каби долзарб мавзуларга алоҳида урғу берилди. Таъкидланганидек, жадал рақамлаштириш жараёнлари фонида замонавий бошқарувда инсон омилининг аҳамияти тобора ортиб бормоқда.

Фото: Асакабанк
Тадбир якунида экспертлар томонидан муҳим бир хулоса қайд этилди: сунъий интеллект инсон ресурсларини тўлиқ алмаштирмайди, балки уларнинг потенциалини сезиларли даражада кенгайтиришга хизмат қилади. Келгуси барқарор ривожланишнинг асосий драйверлари сифатида узлуксиз таълим олиш (lifelong learning), янги кўникмаларни тезкор ўзлаштириш ва корпоратив маданиятда инсоний қадриятларни сақлаб қолиш зарурлиги эътироф этилди.

Фото: Асакабанк
Мазкур юқори даражадаги мулоқот ва тажриба алмашинуви орқали «Асакабанк» замонавий HR ёндашувларини амалиётга жорий этиш, инсон капиталига инвестиция киритиш ва инновацион тараққиётга хизмат қилувчи платформаларни шакллантиришда фаол иштирок этаётганини яна бир бор намоён этди.

Фото: Асакабанк
Банкнинг қайд этишича, бу борадаги тизимли ишлар банкнинг узоқ муддатли стратегик мақсадларининг ажралмас қисми бўлиб қолади.
Видео: YouTube / Асакабанк
