"Агробанк" AТБ тизимда шаффофликни ошириш ва комплаенс назоратини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида Коррупцияга қарши курашиш хизматига юқори малакали мутахассисларни ишга таклиф этмоқда.
Янги ходимлар банкнинг коррупцияга қарши курашиш стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, коррупция рискларини аниқлаб, уларни бартараф этиш ҳамда халқаро ISO 37001 стандарти талабларини жорий қилиш каби муҳим вазифаларга масъул бўладилар. Шунингдек, ушбу йўналишдаги мутахассислар манфаатлар тўқнашувини бошқариш, хизмат текширувларини ўтказиш ва банкнинг ички ҳужжатларини антикоррупцион экспертизадан ўтказиш билан шуғулланадилар. Иш жараёни нафақат ички таҳлилларни, балки регулятор ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан фаол ҳамкорликни ҳамда тизимли аналитик ҳисоботлар тайёрлашни ўз ичига олади.
Мазкур лавозимга банк, комплаенс, аудит ёки ички назорат соҳасида камида 3-5 йиллик тажрибага эга, ISO 37001 стандартларини мукаммал биладиган номзодлар кўриб чиқилади. Номзодлардан рус ва инглиз тилларини камида B2 даражасида билиш, Excel ва Word дастурларида профессионал ишлаш ҳамда аналитик фикрлаш ва принципиаллик талаб этилади. Агар номзодда CAMS, ICA, IACA ёки ISA каби халқаро сертификатлар мавжуд бўлса ёки у маълумотлар таҳлили (data analytics) инструментларидан фойдалана олса, бу улар учун қўшимча устунлик беради.
Бўш иш ўринлари банкнинг Бош офиси ва ҳудудий бошқармалари учун очиқ бўлиб, фаолият давомида хизмат сафарлари амалга оширилиши мумкин. Танловнинг очиқлигини таъминлаш мақсадида ҳужжатлар фақат hh.uz платформаси орқали қабул қилинади. Қизиқиш билдирганлар сайтда рўйхатдан ўтиб, қидирув тизимига кирилл алифбосида "Агробанк" деб ёзиш орқали тегишли вакансияга ариза қолдиришлари лозим.
Аризалар жорий йилнинг 20 апрелига қадар қабул қилинади.
