Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги Украина Миллий полицияси билан ҳамкорликда ҳамда икки давлат Бош прокуратуралари кўмагида Украина ҳудудида фаолият юритган трансмиллий уюшган жиноий гуруҳни тугатди.
Жорий йил 31 март куни Днепр шаҳрида учта йирик колл-марказ фаолиятига чек қўйилди. Мазкур марказлар иштирокчилари тизимли равишда Қозоғистон, Украина ва Европа Иттифоқи мамлакатлари фуқароларига нисбатан интернет-фирибгарликларни амалга ошириб келишган.
Ҳуқуқ-тартибот органларининг ўз вақтида кўрган чоралари натижасида юзлаб потенциал қурбонларнинг маблағлари ва рақамли активлари ўғирланишининг олди олинди.
Аниқланишича, жиноий гуруҳ узоқ вақт давомида сохта инвестиция компаниялари ниқоби остида фаолият юритган. Фирибгарлар жабрланувчиларни юқори даромадли сармоялар ("фиктив инвестициялар")га ишонтириб, уларнинг шахсий маълумотлари ва банк ҳисобларига кириш имконини қўлга киритишган. Бунда улар рақамли активлар билан боғлиқ ёлғон лойиҳаларга жалб қилишдан ҳам фойдаланишган.
Шунингдек, фирибгарлар машҳур инвестиция платформалари ва криптобиржаларнинг сохта нусхаларини яратиш орқали фойдаланувчиларнинг активларини тўлиқ назорат қилиш имконига эга бўлишган. Бундан ташқари турли "романтик схемалар" орқали, фуқароларнинг ижтимоий тармоқлар ёрдамида ишончга кириб, сўнгра турли баҳоналар билан пул ундириш билан шуғулланиб келганлар.
Днепр шаҳрида бир вақтнинг ўзида 40 та манзилда тинтув ўтказилган. Натижада, 53 нафар Украина фуқароси қўлга олинган (уларнинг 8 нафари асосий ташкилотчилар сифатида вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган.). Бундан ташқари, улардан ашёвий далиллар сифатида 100 минг АҚШ доллари миқдоридаги нақд пул, 90 та компьютер техникаси ва 125 та смартфон, 6 та люкс тоифасидаги автомобил ва қуролга ўхшаш буюм мусодара қилинган.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг сентябр ойида ҳам Одесса ва Черновцида Қозоғистон фуқароларини чув тушириб келган йирик колл-марказ тугатилган эди. Ўшанда фирибгарлар ўзларини Миллий банк, ҳуқуқ-тартибот органлари ёки махсус хизмат ходимлари деб таништириб, «шубҳали операциялар» ёки «терроризмни молиялаштириш» баҳонаси билан одамларни кредит олишга ва мулкларини сотишга мажбурлашган.
