2 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастури ижросини самарали ташкил этиш, ипотека кредитлашни кенгайтириш ва қурилиш материаллари саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг маълум қилишича, келгуси йилда ипотека дастурлари доирасида 50 мингга яқин хонадонли уй-жойлар қурилади. Бунга қарийб 13 триллион сўм мақсадли кредит ва 1,3 триллион сўм субсидия ажратилади.
"Бу дастлабки ҳисоб-китоблар. Агар талаб бўлса, яна қўшимча ресурс ажратилади", - деди Президент. Бундан ташқари қуйидаги ўзгаришлар ҳам амалга оширилади:
- ипотека кредитлари ва субсидия олишда, уй-жой майдони ва нархи билан боғлиқ чекловлар ипотека кредитлари шартларидан чиқариб ташланади;
- эҳтиёжманд аҳолига дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун 32 миллион сўм субсидия тўланади;
- эҳтиёжманд аҳоли томонидан кредитни қайтаришда фоизнинг давлат томонидан қоплаб бериладиган субсидия миқдори барча ҳудудлар учун бир хил - 10 фоиз этиб белгиланади (ҳозирда вилоятларда 10 фоиз, Тошкент шаҳрида 12 фоиздан юқори қисми қоплаб берилмоқда);
- субсидиялар якка тартибдаги уй-жой қуриш ва таъмирлаш учун олинган кредитлар учун ҳам берилади;
- ипотека кредитини олишда қариндош бўлмаган фуқароларнинг кафил бўлишига рухсат берилади (бугунги кунда фақат яқин қариндошлар кафил бўла олади).
Шунингдек, аҳоли маблағларини қурилишга жалб қилишни рағбатлантириш бўйича янги “мақсадли ипотека омонати” механизми жорий этилади. Бунда:
- Харидор – банк – қурувчи ўртасида уч томонлама шартнома тузилади;
- Уй-жой харид қилмоқчи бўлган фуқаро банкда омонат очиб, уни тўлдириб боради;
- Бадал суммаси шаклланганда, унга ипотека кредити расмийлаштирилади;
- Тижорат банки омонат маблағларини қурувчи ташкилотга кредит сифатида ажратади.
Яъни, харидор банк орқали қурувчини молиялаштиради, банк эса уйни харидорга вақтида топширилишига кафил бўлади.
Рейтингда юқори ўринларда бўлган пудратчи ташкилотларга уй-жой қуриш учун ерни аукциондан сотиб олиш тўловини аввал 30 фоизини, қолган суммани эса 12 ой давомида бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади.
Тасодифий хабарлар
Агробанк форум доирасида Германия ва Россия банклари билан келишувлар имзолади
Аҳоли учун банклардаги омонатларнинг юқори фоиз ставкаларини ва ўзгариш динамикасини кузатиб бориш имконияти яратилди
Россиялик мутахассис Капиталбанк бошқаруви раиси этиб тайинланди