2026 йил февраль ойи якунида банкларда сақланаётган жами депозит қолдиғи 421 трлн 877 млрд сўмни ташкил қилмоқда. Бу январь ойи якунига нисбатан 1,85 трлн сўмга кўпроқ демакдир.
Банклар кесимида
Депозит базасининг ўсиши асосан давлат банклари ҳисобига юз берган. Ўтган ой давомида давлат банкларидаги депозит қолдиғи 1,68 трлн сўмга кўпайган. Агробанк (+1 тлрн 663 млрд сўм), Алоқабанк (+414 млрд сўм), Халқ банки (+351 млрд сўм), Микрокредитбанк (+246 млрд сўм), Туронбанк (+103 млрд сўм), Ўзмиллийбанк (+101 млрд сўм) ларда ўсиш кузатилган бўлса, Ўзсаноатқурилишбанк (-688,9 млрд сўм), Асакабанк (-426,4 млрд сўм), Бизнесни ривожлантириш банки (-83,7 млрд сўм) ларда депозит қолдиғи камайган.
Бошқа банклардан Октобанк (+744 млрд сўм), Капиталбанк (+706 млрд сўм), ANORBANK (+556 млрд сўм) ларда депозит қолдиғи кўпайган. ЎзКДБ банк (-727 млрд сўм), Ориент Финанс банк (-659,1 млрд сўм), Ипотека-банк (-617 млрд сўм) ларда депозит қолдиғи камайган. Умуман бошқа банклардаги ойлик ўсиш 176 млрд сўмни ташкил қилган.
Февраль ойи давомида аҳолидан жалб қилинган омонатлар қолдиғи 3 трлн 396 млрд сўмга кўпайиб, 163 трлн 879 млрд сўмни ташкил қилган. Жисмоний шахслардан депозитлар жалб қилишда Капиталбанк (26,15 трлн сўм), Ўзмиллийбанк (17,57 трлн сўм), Агробанк (17,13 трлн сўм) ТОП-3 банк ҳисобланади.
Ўтган ой давомида тадбиркорлик субъектларидан жалб қилинган депозитлар қолдиғи 1 трлн 541,4 млрд сўмга камайиб, 257 трлн 998 млрд сўмни ташкил қилган. Ўзсаноатқурилишбанк (-1 трлн 076,9 млрд сўм), Асакабанк (-715,3 млрд сўм), Ипак Йўли банк (-613,8 млрд сўм), Ипотека-банк (-559,6 млрд сўм), ЎзКДБ банк (-546,2 млрд сўм), Ориент Финанс банк (-505,8 млрд сўм) ларда энг кўп пасайиш кузатилган. Юридик шахслардан депозит жалб қилиш бўйича ТОП-3 банк: Ўзмиллийбанк (32,46 трлн сўм), Халқ банки (21,57 трлн сўм), Ипотека-банк (21,35 трлн сўм).
Муддати бўйича
Муддати бўйича энг кўп депозит узоқ муддатга (1 йилдан ортиқ) қўйилган: 157 трлн 859 млрд сўм. Ундан кейин талаб қилиб олингунча депозитлар: 120 трлн 665 млрд сўм; 180 кундан 365 кунгача муддатдаги депозитлар: 65 трлн 336 млрд сўм; 30 кундан 180 кунгача муддатдаги депозитлар: 57 трлн 391 млрд сўм; 1 кундан 30 кунгача муддатдаги депозитлар: 20 трлн 626 млрд сўмни ташкил қилади.
Ҳудудлар кесимида
Ҳудудлар кесимида ҳам аҳоли, ҳам тадбиркорлик субъектлари бўйича депозитларнинг мутлақ катта қисми Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келади — 322 трлн 623 млрд сўм (жами депозитнинг 76,5%). Кейинги ўринларда Самарқанд (12,09 трлн сўм), Бухоро (11,39 трлн сўм), Хоразм (11,29 трлн сўм) ҳамда Қашқадарё (8,63 трлн сўм) вилоятлари турибди.

