Трастбанк ва Халқаро ислом савдо-молия корпорацияси ўртасида 20 млн АҚШ долларлик битим имзоланди

26.03.2026 18:08

52

Трастбанк тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида Халқаро ислом савдо-молия корпорацияси билан навбатдаги — 20 млн долларлик янги битим имзолади. Жалб қилинган маблағлар исломий тамойиллар асосида ҳудудлардаги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ва янги иш ўринларини яратишга йўналтирилади.

Фото: Трастбанк

Шу кунларда "Трастбанк" хусусий акциядорлик банки бошқаруви раиси С.Нормухамедов бошчилигидаги делегация аъзолари Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида бўлиб, Халқаро ислом савдо-молия корпорацияси вакиллари билан музокаралар олиб борди. Учрашув давомида томонлар ислом молияси соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва истиқболли йўналишларни ривожлантириш юзасидан атрофлича фикр алмашдилар.

Музокараларнинг муҳим натижаси сифатида "Трастбанк" ХАБ ва Халқаро ислом савдо-молия корпорацияси ўртасида 20 млн АҚШ доллари миқдоридаги янги битим имзоланди. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, банк томонидан кўрсатилаётган молиявий хизматлар кўлами сезиларли даражада кенгайтирилиб, тадбиркорлик ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш тизимли равишда изчил давом эттирилади.

Ажратилган маблағлар озиқ-овқат саноати, тўқимачилик, фармацевтика, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш каби соҳалардаги лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилади. Бу эса ишлаб чиқариш жараёнларига янги технологияларни жорий этиш, иш самарадорлигини ошириш ва энг муҳими, ҳудудларда янги иш ўринларини яратиш имконини беради.

Таъкидлаш жоизки, ушбу келишув Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 декабрдаги "Халқаро ва хорижий молия институтлари билан ҳамкорликнинг самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида амалга оширилди. Бу кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишда халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги навбатдаги муҳим қадам бўлди.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, "Трастбанк" ХАБ шу кунга қадар Халқаро ислом савдо-молия корпорацияси билан жами 47 млн АҚШ доллари миқдорида келишувларга эришган. Ушбу шериклик натижасида мамлакатимизда кичик ва ўрта бизнеснинг 120 та лойиҳаси муваффақиятли молиялаштирилди ва 500 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилишига замин яратилди.

Теглар:

#трастбанк#хсрик

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган