Марказий банк февраль ойида 11 та банкка жарима солди

25.03.2026 21:11

355

Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси февраль ойида жами 7 марта йиғилиш ўтказди ва тегишли масалалар бўйича қарорлар қабул қилди. Қонунчилик талабларига мувофиқ фаолиятини ташкил этмаганлиги учун ҳамда инспекция ва ўрганишлар давомида аниқланган камчиликлар учун 11 та банкка нисбатан жарима санкциялари қўлланилди.

Фото: Daryo

Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси томонидан 2026 йилнинг февраль ойида жами 7 марта йиғилиш ўтказди. Мазкур йиғилишлар давомида 43 та масала кўриб чиқилди ва улар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

Рўйхатга олиш ва рухсат бериш йўналишида жами 30 та масала кўриб чиқилган. Хусусан, тижорат банклари кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзолари ҳамда муҳим аҳамиятга эга ходимларининг номзодларини кўриб чиқиш (14 та) билан боғлиқ масалалар, банкларда аудит ўтказиш ҳуқуқини бериш учун аудиторлик малака сертификатини тақдим этиш (6 та), микромолия ташкилотларини ҳисоб рўйхатидан ўтказиш (5 та) масалалари энг кўп марта кўриб чиқилган.

Шу билан бирга, кредит ташкилотларининг молиявий ҳолатига оид 13 та масала кўриб чиқилди. Хусусан, Марказий банкнинг кўрсатмалари ва пруденциал меъёрлари талабларининг бажарилиши, тижорат банкларида ўтказилган инспекция натижалари, банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, банк ва тўлов ташкилотларида киберхавфсизлик талабларига риоя этиш ҳамда ташкилотларнинг молиявий ҳизматларини “тартибга солиш қумдони” доирасида синовдан ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.

Қонунчилик талабларига мувофиқ фаолиятини ташкил этмаганлиги учун ҳамда инспекция ва ўрганишлар давомида аниқланган камчиликлар учун 11 та банкга нисбатан жарима санкциялари қўлланилди.

Пруденциал норматив талабларига риоя этилмаганлиги, ўз фаолиятини қонунчилик ҳужжатлари талабларига белгиланган тартибда мувофиқлаштирмаганлиги ҳамда ўрганишлар давомида аниқланган камчиликлар учун 14 та банк ва 4 та тўлов ташкилоти чора ва санкциялар қўлланилиши тўғрисида огоҳлантирилди.

Бундан ташқари, 8 та банкка нисбатан вужудга келиши мумкин бўлган йўқотишларнинг банк молиявий барқарорлигига салбий таъсирини камайтириш, уларда макропруденциал буферлар шакллантиришини таъминлаш мақсадида банк акциядорларига оддий акциялари бўйича дивидендлар тўлаш орқали фойдани тақсимламаслик талаби белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, Марказий банк январь ойида 7 та банк ва 1 та микромолия ташкилотига жарима қўллаган эди.

Теглар:

#жарима

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган