Банклар кузатув кенгашлари мустақил аъзолари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди

19.03.2026 10:16

479

Марказий банкда тижорат банклари кузатув кенгашларининг мустақил аъзолари иштирокида муаммоли кредитларни самарали бошқариш ва активлар сифатини яхшилаш бўйича учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Марказий банк раиси Тимур Ишметов иштирок этди (фотожамланма ва видеоҳисобот).

Фото: Марказий банк

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида тижорат банклари кузатув кенгашларининг мустақил аъзолари иштирокида банк тизими активлари сифатини ошириш ва муаммоли кредитларни (NPL) бошқаришга бағишланган профессионал учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувни Марказий банк раиси Тимур Ишметов очиб бериб, банк тизимининг бугунги ҳолати, ривожланиш тенденциялари ҳамда эҳтимолий хатарларнинг олдини олиш чораларига тўхталди. Жараёнда кузатув кенгашларининг корпоратив бошқарувни таъминлаш, хатарларни бошқариш тизимини кучайтириш ва кредит портфели сифатини оширишдаги ўрни алоҳида қайд этилди.

"Биз кузатув кенгашларининг мустақил аъзолари самарали корпоратив бошқарувни таъминлаш ва банк секторининг барқарор ривожланишини қўллаб-қувватлашда фаол ва масъулиятли рол ўйнашини кутмоқдамиз. Марказий банк барчангиз билан банк тизимини мустаҳкамлаш ва узоқ муддатли барқарорлигини таъминлаш йўлида конструктив ҳамкорлик қилишга ва биргаликда ишлашга тайёр." - дея таъкидлади Т.Ишметов.

Фото: Марказий банк

Тадбирнинг асосий қисми "Ўзсаноатқурилишбанк" АТБ кузатув кенгаши раиси Одилбек Исаков модераторлигида ўтди. Исаковнинг таъкидлашича, ушбу сессия Ўзбекистон учун ҳам, бутун дунё учун ҳам, айниқса, ўзгарувчан геосиёсий вазият шароитида муҳим саналади. 

"Фикримизча, ҳар бир мамлакат ўз вазифаларига, жумладан, банк секторининг барқарорлигига эътибор қаратиши лозим. Ўтган йилги жуда муваффақиятли тадбирдан сўнг биз бир мавзуга эътибор қаратишга қарор қилдик - активлар сифатини ошириш ва муаммоли кредитлар билан ишлаш ёндашувлари." — деди Одилбек Исаков.

Сессия доирасида иштирокчилар кредит сиёсатини такомиллаштириш, андеррайтинг жараёнлари ва скоринг моделларини қўллаш масалаларини кўриб чиқдилар. Бизнесни ривожлантириш банки, Микрокредитбанк ва Капиталбанк вакиллари риск-менежмент бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашди.

Фото: Марказий банк

Шунингдек, Асакабанк, Ўсаноатқурилишбанк, Tenge Bank ва TBC Bank вакиллари томонидан муаммоли қарздорликни ундириш, кредитларни реструктуризация қилиш ва NPL'ни тартибга солишнинг амалий воситалари тақдим этилди.

Фото: Марказий банк

Алоҳида сессия доирасида муаммоли кредитларни бошқаришнинг халқаро тажрибаси, хусусан, Туркия ва Германия банкларининг инқироздан кейинги ёндашувлари кўриб чиқилди. Шунингдек, муаммоли активларни тизим даражасида бошқариш учун ихтисослаштирилган тузилмалар («bad bank») яратиш амалиёти ҳамда "OTP" гуруҳи тажрибасини Ипотека-банк фаолиятида қўллаш масалалари муҳокама қилинди.

Фото: Марказий банк

Anor Bank кузатув кенгашининг мустақил аъзоси Стефани Ривоалнинг айтишича, бу каби учрашувга хусусий банклар Кузатув кенгашидаги мустақил аъзоларнинг таклиф қилиниши ижобий ҳолдир.

"Марказий банк банк тизимини такомиллаштиришга ҳаракат қилмоқда ва банклар ўртасида, айниқса муаммоли кредитлар мавзусида тажриба алмашишни қўллаб-қувватламоқда. Ўзбекистон иқтисодиёти ўсишда давом этиши керак, бунинг учун эса кредитлаш муҳим. Бунда кредитлаш барқарор бўлиб қолиши керак. Биз кучли ва барқарор банк тизимини кўришни истаймиз ва шунинг учун бу ташаббусни жуда қадрли деб ҳисоблайман." - деди Стефани Ривоаль.

Шунингдек, Халқ банки Кузатув кенгашининг мустақил аъзоси Екатерина Трофимова соҳани ривожлантиришда регуляторнинг ўрнини алоҳида эътироф этди:. Унинг айтишича, бу очиқ мулоқот, маълумот алмашиш ва тушунарли иш тамойилларини ўрнатишдир. Бу борада директорлар кенгаши асосий рол ўйнайди, чунки у тўғри корпоратив бошқарувни йўлга қўйиш имконини беради. 

Фото: Марказий банк

Учрашув якунида банк секторини янада ривожлантириш учун тизимли ўзгаришлар – корпоратив маданиятни юксалтириш, кузатув кенгашлари ролини кучайтириш ҳамда халқаро шаффофлик стандартларини жорий этиш зарурлиги қайд этилди.


Теглар:

#Марказий_банк#Кузатув_кенгаши

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган