Агробанкда "Сунъий интеллект куни" ўтказилди (фото)

19.03.2026 12:01

104

Агробанк рақамли трансформация жараёнида сунъий интеллект технологияларини банк экотизимига интеграция қилишнинг янги босқичини бошламоқда. Банкда жорий этилган «Сунъий интеллект куни» ташаббуси доирасида ходимларнинг технологик кўникмаларини тизимли ошириш ва соҳадаги энг илғор илмий ечимларни амалиётда қўллаш орқали хизмат сифатини тубдан яхшилаш кўзда тутилган.

Фото: Агробанк

Бугунги кунда глобал молия бозорида рақамли технологиялар ва сунъий интеллект нафақат операцион самарадорликни ошириш, балки соҳа тараққиётининг асосий драйверига айланиб улгурди. Мазкур йўналишдаги замонавий трендларни ўз фаолиятига татбиқ этиш мақсадида Агробанк тизимида янги анъана йўлга қўйилди. Эндиликда банкда ҳар ҳафтанинг чоршанба куни «Сунъий интеллект куни» сифатида белгиланиб, бу борада ходимларнинг билим ва кўникмаларини тизимли равишда ошириб боришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Фото: Агробанк

Ушбу ташаббус доирасида банк соҳасида сунъий интеллект технологияларининг ўрни ва истиқболларига бағишланган кенг кўламли ўқув-амалий тадбири ташкил этилди. Анжуман давомида соҳа мутахассислари томонидан сунъий интеллектнинг банк тизимидаги қўлланиш йўналишлари, мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини оширишдаги амалий имкониятлари ҳамда келажакдаги технологик истиқболлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Фото: Агробанк

Тадбирга нафақат банкнинг бош офиси, балки ҳудудий бошқармалар ва филиаллар ходимлари ҳам фаол жалб этилиб, мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Фото: Агробанк

Мазкур амалий мулоқотга Рақамли иқтисодиёт ва агротехнологиялар университетининг ахборот технологиялари бўйича фан доктори (Doctor of Science), сунъий интеллект муҳандиси маърузачи сифатида таклиф этилди. Эксперт томонидан илғор алгоритмларнинг банк маҳсулотларини оптималлаштириш ва хавф-хатарларни бошқаришдаги роли илмий ва амалий жиҳатдан асослаб берилди.

Фото: Агробанк

Банк томонидан амалга оширилаётган бу каби тизимли ишлар банкнинг рақамли трансформация йўлидаги изчил қадамларидан бири бўлиб, молиявий хизматлар бозорида технологик етакчиликни таъминлашга хизмат қилади. Сунъий интеллект технологияларини банк экотизимига интеграция қилиш орқали нафақат ички жараёнлар соддалаштирилади, балки мижозлар учун индивидуал ва қулай банк маҳсулотларини яратиш имконияти ҳам кенгаяди.

Теглар:

#агробанк#СИ

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган