Кредитлар рекламасига қўшимча талаблар киритилмоқда

17.03.2026 12:17

91

Депутатлар "Реклама тўғрисида"ги Қонунга айрим қўшимча ва ўзгартиришларни назарда тутувчи қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда қабул қилди. Унга кўра кредит рекламаларида қарзни тўлай олмаслик хавфи ҳақида мажбурий огоҳлантириш берилиши шарт. Бу матн реклама майдони ёки вақтининг камида 10 фоизини эгаллаши керак бўлади.

Фото: Gemini AI

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Хусусан, депутатлар "Реклама тўғрисида"ги Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш масаласини ҳам муҳокама қилдилар.

Таъкидланишича, кейинги йилларда микроқарзларнинг оммабоплиги ошганлиги ва айрим кредит ташкилотлари томонидан агрессив кредитлаш амалиёти қўлланилаётгани натижасида, аҳолининг қарз юки кредит маҳсулотлари ҳисобидан кескин ўсиб бормоқда.

Шу билан бирга, микроқарзларни реклама қилиш ҳамда маркетинг контентида истеъмолчиларнинг асосий эътибори бундай кредит маҳсулотларини олиш келгусида юқори молиявий мажбурият келтириб чиқариши мумкинлигига эмас, балки уни тез ва осон олиш имкониятига қаратилмоқда.

Кредит маҳсулотлари рекламасида истеъмолчиларга молиявий ҳолат ва тўлов қобилиятини тўғри баҳолаш, мазкур хизматлардан фойдаланиш ва қарз мажбуриятларини бажармаслик молиявий хатарларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш бериш ҳамда қонун ҳужжатларини ўзаро мувофиқлаштириш зарурати юзага келган. 

Қонун лойиҳаси молиявий хизматлар рекламасини янада тартибга солиш, аҳолининг кредит билан  боғлиқ хатарлар ҳақидаги хабардорлигини ошириш, масъулиятли қарз олиш маданиятини шакллантиришни назарда тутади.

Қонун лойиҳаси билан “Реклама тўғрисида”ги қонунга аҳолига таклиф этиладиган кредитлар, шу жумладан, микроқарзлар рекламасида қарз мажбуриятларини бажармаслик молиявий хатарларни келтириб чиқариши мумкинлиги ҳақида мажбурий огоҳлантирувчи матн жойлаштирилиши шартлигини назарда тутувчи қўшимча киритилмоқда. Бунда огоҳлантириш реклама майдони ёки вақтининг камида 10 фоизини ташкил қилиши лозим.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.


Теглар:

#реклама#микроқарз#депутат

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган