Агробанк қошида "Agro Ventures" шўъба корхонаси очилади — Президент қарори

16.03.2026 11:55

118

Президент Шавкат Мирзиёев "Қишлоқ хўжалигида замонавий технологияларни жорий қилишга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорни имзолади. Ҳужжат қишлоқ хўжалиги соҳаси билан бир қаторда Агробанк фаолияти бўйича қатор мақсадли кўрсаткичлар ҳамда муҳим вазифаларни кўзда тутади.

Фото: Агробанк

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йил 13 мартда "Қишлоқ хўжалигида замонавий технологияларни жорий қилишга доир чора-тадбирлар тўғрисида" ги ПҚ-99 сонли қарорни имзолади. Ҳужжат қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш, Агробанк фаолиятини кенгайтириш ва фермерларни молиявий-технологик хизматлар билан таъминлаш бўйича кенг кўламли дастурни белгилаб берди.

Молиявий кўрсаткичлар ва таълим платформалари

Қарорга мувофиқ, 2026 йилда Агробанк ресурс базасини мустаҳкамлаш мақсадида жами 25 трлн сўмлик қўшимча молиявий ресурслар жалб қилиниши кўзда тутилмоқда. Мазкур маблағнинг 600 млн АҚШ доллари хорижий молия институтлари ҳисобидан таъминланса, қолган 18 трлн сўми ички манбалар орқали шакллантирилади.

Молиявий вазифалардан ташқари, банк зиммасига жойларда инфратузилмани ривожлантириш вазифаси ҳам юклатилган. Хусусан, ҳар бир ҳудудда янги агрохизмат зоналари ташкил этилиб, 2026–2027 йиллар давомида қишлоқ хўжалиги йўналишида 10 та йирик стартап лойиҳа ишга туширилади.

Банкнинг таълим лойиҳалари ҳам кенгайтирилиб, "Сувчилар мактаби" платформаси орқали ҳар йили 10 минг фермер сув тежовчи технологияларга ўқитилади.

Шу билан бирга, "Фермерлар мактаби" онлайн платформасига 40 дан ортиқ янги видеодарслар жойланиб, йиллик қамров 15 минг фермер ва деҳқон хўжалигига етказилиши белгиланган.

Агрохизмат зоналари: комплекс ёндашув

Ҳудудларда очиладиган янги агрохизмат зоналари банк мижозлари учун ўзига хос консалтинг маркази вазифасини ўтайди. Бу ерда қишлоқ хўжалиги корхоналарига банк маҳсулотларидан фойдаланишда кўмаклашишдан ташқари, замонавий интенсив технологиялар бўйича бепул маслаҳатлар берилади.

Шунингдек, мижозлар агроном хизмати, тупроқ таҳлили, сув ва энергия тежовчи ечимлар ҳамда ин-витро усулида етиштирилган кўчатлар билан таъминлаш каби қўшимча ёрдамчи хизматлардан фойдаланиши мумкин. Марказларга ташриф буюрувчилар учун таълим платформалари ва ихтисослашган китоблар тўпламидан эркин фойдаланиш имконияти ҳам яратилади.

"Agro Ventures" ва стартап экотизими

Қарорнинг энг эътиборга молик жиҳатларидан бири — Агробанк томонидан "Agro Ventures" шўъба хўжалик жамиятининг ташкил этилишидир. Янги венчур тузилмасининг устав капитали "United Ventures" компаниясига йўналтирилган маблағлар ҳисобидан 73 млрд сўм миқдорида шакллантирилиши тавсия этилган. Мазкур компания дунёнинг топ-50 рейтингига кирувчи хорижий венчур фондлари билан алоқаларни йўлга қўйиб, Ўзбекистонга тажрибали эксперт ва менторларни жалб қилади.

Тармоқда инновацияларни рағбатлантириш мақсадида акселератор ва инкубатор дастурлари ишга туширилиб, хакатонлар ўтказилади ҳамда агро-стартаплар учун махсус грант дастурлари жорий этилади. Бу жараёнда IT ва техникага ихтисослашган олий таълим муассасалари, илмий-текшириш институтлари ҳамда хусусий сектор вакиллари билан яқин ҳамкорлик ўрнатилади.

Big-data ва сунъий интеллект: риск-менежментнинг янги босқичи

Ҳужжат асосида банкларнинг кредит сиёсатини тубдан ўзгартириши кутилаётган технологик инфратузилма — Қишлоқ хўжалиги мониторинг маркази яратилмоқда. Ушбу марказга 8 та давлат идорасидан марказлашган ҳолда "big-data" маълумотлар оқими йўналтирилади.

Хусусан, "Ўзбеккосмос" агентлигидан космик тасвирлар (NDVI индекслари ва ҳосил прогнози), Қишлоқ ва Сув хўжалиги вазирликларидан экин тузилмаси ҳамда сув лимитлари маълумотлари олинади. Кадастр агентлиги ҳамда Солиқ қўмитаси ер контурлари, молиявий ҳисоботлар ва қарздорликлар бўйича маълумот тақдим этса, Аграр соҳада тўловлар агентлиги, Ўсимликлар карантини агентлиги ҳамда "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ субсидиялар, фитосанитария ҳолати ва электр энергияси тўловлари бўйича базани тўлдиради.

Ушбу маълумотлар массивига таянган ҳолда, Агробанк сунъий интеллект ва масофавий мониторинг асосидаги янги авлод хизматларини ишлаб чиқади.

Дастлабки босқичда Жиззах вилоятида боғдорчилик, Сирдарё вилоятида эса чорвачилик йўналишида сунъий интеллектга асосланган пилот лойиҳалар амалга оширилади.

Якуний мақсад — қишлоқ хўжалиги корхоналари учун банк, молия ва давлат хизматларини бирлаштирган инновацион "суперапп" иловасини яратишдир.

Халқаро ҳамкорлик ва ESG стандартлари

Қарор доирасида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Агробанкка Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки (ОТБ) билан давлат кафолатисиз йирик ҳамкорлик лойиҳаларини амалга оширишга рухсат берилди. Жаҳон банки билан аграр соҳани молиялаштиришни таҳлил қилиш ва хизматларни рақамлаштириш режалаштирилган бўлса, ОТБ билан кредит рискларини бошқариш ва ESG (экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув) талабларини амалиётга жорий этиш бўйича иш олиб борилади. ESG стандартларининг қарорда алоҳида қайд этилиши Агробанкнинг хорижий капитал бозоридаги инвестицион жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.

Боғдорчилик учун 18 фоизлик имтиёзли кредитлар

Қарор билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларни молиявий қўллаб-қувватлашнинг янги тартиби ҳам белгиланди. Эндиликда Агробанк томонидан аҳоли хонадонлари, томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликларига анжир, хурмо, олма ва нок етиштириш учун имтиёзли шартларда кредитлар ажратилади. Мазкур ресурслар йиллик 18% ставкада, 24 ойлик имтиёзли давр билан жами 84 ой муддатга берилиши тасдиқланди.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш учун Бош вазир ўринбосари Ж.А. Ходжаев, Қишлоқ хўжалиги вазири И.Ю. Абдурахмонов ҳамда Агробанк АТБ бошқаруви раиси Э.А. Кахоров шахсан масъул этиб белгиланган.

Теглар:

#агробанк#қишлоқ_хўжалиги#Agro Ventures

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган