Марказий банкнинг молиявий саводхонликни ошириш бўйича шарҳи эълон қилинди. Унда ўзбекистонликларнинг молиявий саводхонлик даражаси бўйича маълумот берилди.
Солиштирма маълумотларга кўра, 2021 йилда Халқаро молия корпорацияси тадқиқот натижаларида ўзбекистонликларнинг молиявий саводхонлик даражаси 23 фоизни ташкил этганди. OECD (2021 йил) ва Осиё тараққиёт банки (2025 йил) тадқиқотлари натижаларига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг молиявий саводхонлиги бўйича йиғма (интеграл) кўрсаткич ўртача 21 баллдан 12,6–12,7 баллни ташкил этади, бу тахминан 60% га тўғри келади.

Ушбу натижа умуман олганда, халқаро ўртача даражадан бироз паст деб баҳоланади, бироқ ҳудудий таққослашда Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида энг юқори кўрсаткичларга эга мамлакатлар қаторига кирди.

Аҳолининг молиявий билим даражаси пастлиги – асосий муаммо
Тадқиқотлар натижалари Ўзбекистонда аҳолининг молиявий хулқ-атвори бўйича нисбатан барқарор база шаклланганини кўрсатади, бироқ молиявий билимлар, узоқ муддатли молиявий режалаштириш ва рақамли компетенциялар каби йўналишларда ҳали ҳам бўшлиқлар сақланиб қолмоқда.
Барча тадқиқотлар натижалари молиявий билимлар молиявий саводхонликнинг энг заиф компоненти эканини кўрсатади. Аҳолининг салмоқли қисми оддий ва мураккаб фоизлар ҳисобланиши механизмларини, инфляциянинг таъсирини, шунингдек рискларни диверсификация қилиш тамойилларини тўлиқ даражада тушунмайди.
2025 йилги миллий тадқиқот билимлар компоненти бўйича ўртача балл пасайганини қайд этди. Шу билан бирга, ўз билимлари даражасини паст баҳолаш ҳам молиявий қарорлар қабул қилишда эҳтиёткорлик мавжудлигини кўрсатади. Шунга қарамасдан, молиявий хулқ-атвор, аксинча, Ўзбекистоннинг асосий қиёсий устунлиги ҳисобланади.
Бюджетни юритиш, харажатларни режалаштириш ва ўз молиявий имкониятларини баҳолаш амалиётлари кенгроқ тарқалган. Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) ва ОТБ (2025) натижаларига кўра, Ўзбекистон молиявий хулқ-атвор даражаси бўйича МДҲ мамлакатлари орасида етакчи ўринларни эгаллайди, бу эса аҳолининг амалий молиявий кўникмалари шаклланганини тасдиқлайди.
Аҳолининг ярмидан кўпроқ қисмида молиявий хавотир ҳисси мавжуд
Молиявий кўникмалар ва узоқ муддатли режалаштиришга ёндашувлар ўртача ривожланиш даражасида. Аҳолининг салмоқли қисми учун қисқа муддатли мақсадларнинг устунлиги хос бўлиб, бу иқтисодий шоклар олдидаги заифликни оширади. Шу билан бирга, молиявий фаровонлик кўрсаткичи бўйича Ўзбекистон минтақадаги энг юқори натижалардан бирини қайд этмоқда, бироқ аҳолининг қарийб 56% ҳамон молиявий хавотир ҳиссини туйиб яшайди.

2025 йилги тадқиқот рақамли молиявий хавфсизлик бўйича кўникмалар даражаси етарли эмаслигини шунингдек ҳудудлар ва ижтимоий гуруҳлар ўртасида сезиларли фарқлар мавжудлигини аниқлади. Аҳолининг 76% интернетдан фойдаланиш имкониятига эга бўлишига қарамасдан, рақамли молиявий хизматлардан хавфсиз фойдаланиш бўйича билимлар чекланганлигича қолмоқда: респондентларнинг 47%и мобил иловаларда PIN-кодлар ва асосий ҳимоя механизмларидан фойдаланмайди.
