Ўзбекистоннинг халқаро захиралари 77 млрд доллардан ошди

07.03.2026 20:40

39

Февраль ойида Ўзбекистон олтин-валюта захиралари 2 млрд доллардан кўпроққа ошиб, кетма-кет еттинчи ой рекорд ўрнатди. Ой давомида олтин захираси 2,69 млрд долларга (250 минг трой унцияга) ошди. Захираларнинг валюта қисми эса 685,9 млн долларга (-7,2 фоиз) камайди.

Фото: Reuters

Февраль ойида Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари ҳажми 2 млрд доллардан кўпроққа ошиб (+2,6 фоиз), 77,08 млрд долларни ташкил этди ва кетма-кет еттинчи марта тарихий рекорд ўрнатди. Бу ҳақда Марказий банк маълумот берди.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг таъкидлашича, олтин-валюта захираларимиз қарийб 20 ойлик импортни қоплаш даражасига етган.

1 март ҳолатига кўра, Марказий банкдаги олтин қиймати кетма-кет саккизинчи ой рекордни янгилаб, 67,67 млрд долларни ташкил қилди. Ўтган ойга нисбатан бу кўрсаткич 2,69 млрд долларга (+4,15 фоиз) ошди.

Манба: Марказий банк

Февраль ойида регулятор захирасидаги олтиннинг соф ҳажми 250 минг трой унцияга (9,3 тонна) ўсиб, 13,1 млн троя унциясигача (407,43 тонна) ўсди.

“Ўзбекистон Республикасининг ялпи халқаро захиралари ҳажми 2026 йил февраль ойида 2,0 млрд долларга ошди. Хусусан, ой давомида олтин нархининг 5 063,45 доллардан 5 174,10 долларгача ошишининг таъсири +1,4 млрд долларни ташкил этди”, дея изоҳ берди Марказий банк.

Захираларнинг валюта қисми 685,9 млн долларга (-7,2 фоиз) камайиб, 8,83 млрд долларни ташкил этди. Хорижий марказий банклар ва Халқаро валюта жамғармасида 1,2 млрд доллар, шунингдек, бошқа хорижий кредит муассасалардаги ҳисоб рақамларида 7,29 млрд доллар мавжуд.

Хорижий валютадаги бошқа активлар 137,5 млн доллардан 196,1 млн долларга ошди. Жумладан, расмий захира активларга киритилмаган депозитлар 143,4 млн долларга, расмий захира активларга киритилмаган олтин 52,6 млн долларга етди.

Теглар:

#олтин-валюта

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган