Учта банк акциядорлари таркибида ўзгаришлар бўлади

27.02.2026 11:51

238

Президент қарорига кўра, Ўзмиллийбанк устав капиталидаги Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тегишли улуш Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига ўтказилади. Шунингдек, СҚБ устав капиталидаги 10 фоиз улуш ТТЖдан вазирликка ўтади, вазирлик уни Миллий инвестиция жамғармаси капиталига йўналтирилади. Халқ банки устав капиталидаги Миллий инвестиция жамғармасига тегишли улуш вазирликка ўтказилади.

Фото: Bankers.uz

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 25 февралдаги "Давлат иштирокидаги корхоналар ва тижорат банклари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-74-сон қарори қабул қилинди.

Ушбу ҳужжат билан давлат иштирокидаги корхоналар ҳамда тижорат банкларида корпоратив бошқарув тизимини илғор хорижий тажриба асосида такомиллаштириш белгиланди. Хусусан, тижорат банклари кузатув кенгаши таркибидаги мустақил аъзолар улуши 50 фоизга етказилади.

Қарорда мамлакатнинг бир қатор йирик тижорат банклари устав капитали билан боғлиқ аниқ ўзгаришлар ҳам тасдиқланган.

Хусусан, бир ой муддат ичида "Ўзсаноатқурилишбанк" АТБ устав капиталидаги 10 фоиз улуш дастлаб Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан Иқтисодиёт ва молия вазирлигига номинал қийматда ўтказиб берилади, сўнгра вазирлик уни Миллий инвестиция жамғармаси устав капиталига йўналтиради. Ҳозирда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (52,19%), Ўзбекистон Республикаси миллий инвестиция жамғармаси (30,0%), Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (13,48%), Ўзтрансгазлар (1,211%) Ўзсаноатқурилишбанкнинг йирик акциядорлари саналади.

Бундан ташқари, "Ўзсаноатқурилишбанк"нинг 2024 йил якунига қадар шаклланган тақсимланмаган соф фойдаси Халқаро молия корпорацияси, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Осиё тараққиёт банки билан келишилган ҳолда акциядорлар улушларига мутаносиб равишда банк устав капиталига йўналтирилиши тасдиқланган.

Шу билан бирга, "Ўзмиллийбанк" АЖ устав капиталидаги Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тегишли акциялар пакети юқоридаги улушга (10 фоиз - таҳр.) тенг миқдорда номинал қийматда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига ўтказилади. Ҳозирда Ўзмиллийбанкнинг 40,75% акциясига Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, 59,25% акциясига Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси эгалик қилади.

АТ "Халқ банки" устав капиталидаги Миллий инвестиция жамғармасига тегишли акциялар пакети жамғармага берилган қийматда Иқтисодиёт ва молия вазирлигига ўтказилади. Ҳозирда Халқ банки акциядорлари қуйидагилар: Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (66,02%), Ўзбекистон Республикаси миллий инвестиция жамғармаси (30,00%), Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (3,98%).

Умуман олганда, Жамғарма улуши бор бўлган банклар томонидан ҳисобланадиган дивидендларни уларнинг ўз ихтиёрида қолдиришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш тақиқланади ва бундай банкларда активларни тасарруф этиш фақат Жамғарма билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

Қарор билан давлат иштирокидаги корхоналар ҳамда тижорат банклари бошқарувига халқаро танлов асосида чет эллик соҳа мутахассисларини, шу жумладан, ватандошларни фаол жалб қилиш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, маҳсулот ва хизматлар таннархини камайтириш орқали рақобатбардошлигини ошириш белгиланди.

Теглар:

#қонунчилик#ўзмиллийбанк#ўзсаноатқурилишбанк#Халқ_банки

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган