Бугун Кўксарой қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёевнинг ёшлар билан мулоқоти бўлиб ўтди. Унда ёшларга имкониятларни кенгайтириш мақсадида тегишли ташкилотлар ва банкларга оид бир нечта топшириқлар берилди.
Қайд этилишича, ўтган йили ёшлар бандлигини таъминлаш учун банклар ва Ёшлар ишлари агентлигига 400 млн доллар берилган. Хусусан, “Ёшлар бизнеси”, “Келажакка қадам” дастурлари ҳисобидан 15 минг нафар ёшлар ўз тадбиркорлигини йўлга қўйди, 50 минг одамни иш билан таъминлаган.
Ёшлар ўртасида сўровнома ўтказилиб, уларнинг учдан бири тадбиркор бўлиш истагини билдирган. Президент ёшлар тадбиркорлиги учун қўшимча 200 млн доллар ажратилишини эълон қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати
Ўзини ўзи банд қилган ёшлар учун кредит миқдори 100 млндан 300 млн сўмгача оширилади. Ёш тадбиркорлар лойиҳалари учун 10 млрд сўмгача кредит ажратиш (ҳозир 5 млрд сўмгача) мумкин бўлади. Инновацион стартап лойиҳаларига 100 минг долларгача инвестиция киритишга рухсат берилади.
Шунингдек, сервис ва умумий овқатланиш соҳасида 1 мингдан зиёд иш ўрни яратган маҳаллий брендлардан франшиза олиб, филиал очишга қизиқаётган ёшлар учун қулай молиялаштириш пакетлари жорий қилинади.
Жорий йилдан “Келажак тадбиркори” дастури ишга туширилади ва ёш тадбиркорларга 7 йил муддатгача 15 фоизли кредит ажратиш бошланади.

Фото: Президент матбуот хизмати
Хусусан, ўзини ўзи банд қилган ёшларга гаровсиз 20 млн сўмгача, тадбиркорлик кўникмасига эга бўлиб, ўз бизнесини бошлаётганларга 300 млн сўмгача, фаолиятини кенгайтирмоқчи бўлган ёш тадбиркорларга 2 млрд сўмгача, камида 5 та битирувчини ишга олган тадбиркорларга эса 10 млрд сўмгача кредит берилади.
Тадбиркорликни энди бошлаётган ёшларнинг 30 фоизи бизнес кўникмаси етишмагани учун қийинчиликка учраётгани қайд этилди.
Шу боис, ҳар бир ҳудудда тадбиркорликка ўқитиш, ғояни бизнесга айлантириш, бухгалтерия, банк, маркетинг, ички ва ташқи бозорларга чиқиш билан боғлиқ комплекс хизматларни кўрсатадиган “Ёшлар бизнес инкубатори” ишга туширилади.
Мутасаддиларга ёшлар учун қулай жойларни белгилаб, бу йил Қорақалпоғистон, Жиззах, Наманган, Сурхондарё, Хоразм ва Тошкент шаҳрида, келгуси йилда қолган ҳудудларда бундай марказларни ташкил қилиш топширилди.
Банклар биттадан консалтинг компания ташкил қилиб, жорий йилда 50 минг ёш тадбиркорга бизнес режа тайёрлашига кўмаклашиб, уларнинг харажатини қоплаб беради. Йирик савдо тармоқлари вакиллари ва малакали мутахассислар жалб қилиниб, камида 20 минг ёш тадбиркорликка ўқитилади.
