Таъминотсиз кредитларнинг кечиктириб тўлаш даражаси пастроқ — МБ

20.02.2026 14:20

95

Тадқиқотларга кўра, Ўзбекистонда гаров билан таъминланган кредитлардан кўра гаров таъминотисиз кредитларнинг ўз вақтида қайтарилиш даражаси яхшироқ. Бу таъминотсиз кредитларнинг нисбатан кичикроқ миқдорда ажратилиши билан изоҳланган. Шунингдек, кафиллик асосида ажратилган кредитларда кечиктириш ҳолатлари камроқ кузатилган.

Иллюстратив фото

Марказий банк Статистика ва тадқиқотлар департаменти кредитларни қайтаришни кечиктиришнинг хулқ-атвор ва иқтисодий омилларида гаров ва кафиллик асосида ажратилган кредитлар бўйича ҳам алоҳида тадқиқот ўтказилди.

Гаров билан таъминотининг қарздорликни қайтариш муддатига таъсири

Кредит таъминоти турлари бўйича кечиктирилган қарздорлик таҳлили портфель сифатида сезиларли фарқлар мавжудлигини кўрсатади. Аниқланишича, энг юқори кечиктириш даражаси мулк ҳуқуқи билан таъминланган кредитлар бўйича кузатилади (эркакларда 32,8%, аёлларда 25,0%), шунингдек суғурта билан таъминланган кредитларда (мос равишда 21,3% ва 20,0%).

Таъминотсиз кредитлар эса ўртача даражадаги кечиктириш ҳолатлари билан тавсифланади (эркакларда 15,3%, аёлларда 12,2%). Бу ўз навбатида, таъминотсиз кредитларнинг нисбатан кичикроқ миқдорда ажратилиши билан изоҳланади.

Кафиллик асосида ажратилган кредитлар

Энг юқори сифатли кредит портфели учинчи шахслар кафиллиги билан ажратилган кредитлар (эркакларда — 7,2%, аёлларда — 3,9%) ҳамда енгил автомобиль билан таъминланган кредитлар (мос равишда 9,9% ва 12,0%) ҳиссасига тўғри келади. Кўчмас мулк ва жисмоний шахсларнинг иш ҳақи билан таъминланган кредитлар бўйича тўловларни кечиктириш даражаси ўртача даражада бўлиб, тахминан 15-16 фоизни ташкил этади.

Бундан ташқари, қўшма қарз олувчиси мавжуд кредитларда кечиктириш даражаси нисбатан паст шаклланган. Хусусан, қўшма қарз олувчисиз кредитлар бўйича кечиктирилган қарздорлик улуши эркаклар орасида 18,4 фоиз ва аёллар орасида 12,6 фоизни ташкил этади. Қўшма қарз олувчи мавжуд бўлган ҳолатларда эса ушбу кўрсаткич мос равишда 14,8 фоизгача ва 8,9 фоизгача пасаяди.

Шунингдек, қўшма қарз олувчи эркак бўлган ҳолларда кўрсаткич кредитларни кечиктириш кўрсаткичи 11,0 фоизни, аёл бўлган ҳолларда эса 9,9 фоизни ташкил этади.

Қўшма қарз олувчининг ёши бўйича кечиктириш ҳолатларида фарқ сезиларсиз – ўртача 10,5 фоиз, бироқ каттароқ ёшдаги гуруҳларда (66 ёш ва ундан юқори — 12,1%) ушбу кўрсаткич бироз юқори шаклланган.

Кредит ва таъминот тури ҳамда кечиктириш даражаси

Кредит портфелини турли хил таъминот турлари ва кредит маҳсулотлари кесимида ўрганиш натижаларига кўра, портфель сифати асосан кредит тури ҳамда таъминот механизмининг ўзаро боғланганлиги билан изоҳланиши мумкинлигини кўрсатади.

Қатъий таъминотга эга бўлмаган кредит маҳсулотларида муддати ўтган қарздорлик даражаси юқори даражада шаклланмоқда. Жумладан, таъминланмаган истеъмол кредитлари бўйича кечиктириш ҳолатлари улуши 38,4 фоизни, таъминланмаган овердрафтлар бўйича эса 21,7 фоизни ташкил этиб, мазкур сегментларнинг риск даражаси юқорилигини намоён қилади.

Суғурта ёки транспорт воситаси билан таъминланган автокредитлар кечиктирилган қарздорликнинг паст даражаси (7,8-9,5%) билан тавсифланади, учинчи шахслар кафиллигига эга микрокредитлар эса энг минимал кўрсаткични (0,9%) намоён этади. Таълим кредитлари эса таъминот шаклидан қатъи назар, кечиктирилган қарздорликнинг барқарор паст даражасини (тахминан 2%) сақлаб қолмоқда.

Таъкидланишича, қатъий таъминотга (кўчмас мулк ва мулк ҳуқуқи, транспорт, ер) эга қарз олувчиларнинг даромадлари қатъий таъминотга эга бўлмаган (таъминотсиз, кафиллик асосида олинган) қарз олувчиларга нисбатан ўртача 1,7 баробарга кўпроқ.

Микроқарзлар бўйича кечиктирилган тўловлар даражаси таъминот турига қараб сезиларли даражада фарқ қилади: кафиллик билан таъминланган ҳолатларда кўрсаткич 7,8 фоизни ташкил этса, мулк ҳуқуқлари ёки кўчмас мулк гарови қўлланилганда 28,1-31,8 фоизгача етади. Шу каби боғлиқлик микрокредитлар бўйича ҳам кузатилади, бу эса мазкур сегментларда таъминотнинг муҳим аҳамиятга эга эканини кўрсатади.

Теглар:

#кафил#кафиллик#гаров#таҳлил

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган