Ўзмиллийбанк иштирокида Бухорода заргарлик кластери очилди

20.02.2026 09:07

96

Бухоро шаҳрида Ўзмиллийбанк иштирокида йиллик 300 килограммгача заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш қувватига эга заргарлик кластери очилди. Қиймати 38 млрд сўм бўлган лойиҳа орқали 100 нафар янги иш ўрни яратилгани, йиллик бюджетга 2,5 млрд сўм солиқ тушумлари тушиши айтилган.

Фото: Ўзбекзаргарсаноати

Бухоро шаҳрида Ўзмиллийбанк иштирокида ўзбек-турк заргарлик кластери фаолияти бошланди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги хабар бермоқда.

Очилиш маросими 19 февраль куни "Ўзбекзаргарсаноати" уюшмаси масъуллари, вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, туркиялик инвесторлар, маҳаллий заргарлар ва ОАВ вакиллари иштирокида бўлиб ўтган.

Фото: Бухоро шаҳар ҳокимлиги

Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 23 июлда қабул қилинган ПФ-104-сонли Фармонига мувофиқ, 2024–2026 йилларда "Ўзмиллийбанк" АЖ иштирокида Бухоро ва Наманган вилоятларида замонавий заргарлик марказларини ташкил этиш вазифаси ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 18 сентябрдаги тегишли қарори билан тасдиқланган Дастурга асосан, заргарлик маркази Бухоро шаҳри Ислом Каримов кўчаси, 31-уй манзилида жойлашган бинода ташкил этилди. Лойиҳа қиймати 38 млрд сўмни ташкил этиб, уни амалга оширишда "NBU Jewelry Group" МЧЖ ҳамда туркиялик инвесторлар ҳамкор "ELLA Jewellry" корхонаси иштирок этди.

Фото: Бухоро шаҳар ҳокимлиги

Йиллик 300 килограммгача заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш қувватига эга ушбу марказда 100 нафар янги иш ўрни яратилгани айтилган. Лойиҳа доирасида йиллик бюджетга 2,5 млрд сўм солиқ тушумлари таъминланиши кутилмоқда.

"NBU Jewelry Group" МЧЖ 2024 йил 31 июлда ташкил этилган. Фаолият йўналиши - заргарлик буюмлари ва шу каби буюмлар ишлаб чиқариш. Таъсисчиси Ўзмиллийбанкнинг "NBU Invest Group" АЖ инвестиция компанияси ҳисобланади.

Теглар:

#ўзмиллийбанк#бухоро

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган