Ёшлар ва эркаклар кредит тўловларини нисбатан кўпроқ кечиктирмоқда — МБ таҳлили

19.02.2026 12:13

448

Марказий банк Ўзбекистонда жисмоний шахслар кредитларини қайтаришнинг хулқ-атвор ва иқтисодий омиллари ўрганлиган тадқиқотни эълон қилди. Унда кредитлар кечиктирилишининг ёш ва жинс, фоиз ставкалари ва кредит муддатлари бўйича ўзаро боғлиқлиги таҳлил қилинган.

Фото: Асакабанк

Статистика ва тадқиқотлар департаменти томонидан (А. Жамолов, С. Агзамов) кредитларни қайтаришни кечиктиришнинг хулқ-атвор ва иқтисодий омиллари ўрганилди. Тадқиқот иши доирасида 2025 йил 1 декабрь ҳолатига жисмоний шахсларнинг кредит портфелидаги маълумотлар таҳлил қилинган.

Ёшларда кредитларни қайтариш даражаси ёши катталарга нисбатан пастроқ шаклланган

Таҳлилга кўра, кредит тўловларини кечиктиришнинг энг юқори кўрсаткичлари эркаклар орасида 20-25 ёш (22,8%) ва 25-30 ёш (20,9%) гуруҳларида қайд этилган. Аёллар орасида энг юқори кўрсаткич 20-25 ёш (13,3%) гуруҳида кузатилган.

Ёш гуруҳларидаги мазкур тенденция даромаднинг ўзгарувчанлиги, кредит тажрибасининг етишмаслиги ва хулқ атвор омиллар (рискка мойиллик, импульсив харажатлар, прокрастинация) билан изоҳланиши мумкин.

30 ёшдан бошлаб тўловларни кечиктириш даражаси пасайиб боради. 35-50 ёш орасида ўртача кечиктириш даражаси 14,8-15,5 фоиз атрофида барқарорлашади. 55 ёшдан юқори гуруҳларда эса кўрсаткич 12,5-13,2 фоиз даражасигача пасаяди.

Ёш гуруҳлари кесимида кредит тўловларини кечиктириш ҳолатларининг тақсимоти асосий кредит хавфи 20-35 ёш оралиғидаги қарз олувчиларда жамланганини кўрсатмоқда. Ушбу сегмент жами кечиктирилган шартномаларнинг энг катта қисмини (53,4%) ташкил этади:

  • 20-25 ёш — 15,9 фоиз;
  • 25-30 ёш — 18,6 фоиз;
  • 30-35 ёш — 18,9 фоиз.

Яъни, кечиктирилган шартномаларнинг таркиби кредит хавфининг энг юқори концентрацияси айнан иқтисодий фаол ва қарз юки юқори бўлган ёш гуруҳларида жамланганини намоён этади.

Ўзбекистонда кредит тўлашда аёллар масъулиятлироқ

Гендер фарқлар барча ёш тоифаларида сақланиб қолади: эркаклар аёлларга нисбатан юқорироқ кечиктириш даражасини намоён этади. Айниқса 30 ёшгача бўлган тоифада тафовут 8-11 фоиз бандгача етади. 60 ёшдан кейин эса эркаклар ва аёллар кўрсаткичлари деярли тенглашиб, 12,5-13,1 фоиз атрофида шаклланади.

Даромаднинг кредитни қайтаришга таъсири

Даромадлар кесимида кредитларни қайтаришни кечиктирилиши таҳлил қилинганда, мазкур кўрсаткич даромадлар ўсиши билан пасайиб бориши аниқланди.

Хусусан, эркаклар бўйича ҳам аёллар бўйича ҳам паст даромадли аҳолининг кредитларни кечиктириш даражаси юқори шаклланган. Эркакларда даромад ошиши билан кредитларни қайтариш даражаси тезроқ яхшиланса, аёлларда асосан, ўртача кўрсаткич атрофида шаклланган.

Юқори фоиз ставкали кредитларнинг кечиктириш даражаси ҳам юқори

Фоиз ставкалари кесимида кечиктирилган қарздорлик таҳлили ставка даражаси билан кредит бўйича тўловларни кечиктириш даражаси ўртасида ижобий боғлиқлик мавжуд. 20-34 фоиз ставкалар диапазонида кечиктириш даражаси энг паст бўлиб (13,3%), бу ушбу сегментда портфель сифати энг юқори даражада. 20 фоиздан паст бўлган ставкаларда кечиктирилган шартномалар улуши 19,4 фоиз бўлса, 34-46 фоиз ставкалар оралиғида эса кечиктириш даражаси 19,8 фоизгача ошиб, ушбу нуқтадан бошлаб риск динамикаси сезиларли равишда жадаллашади.

Портфель сифатидаги энг сезиларли ёмонлашув фоиз ставкалари 46 фоиздан юқори бўлганида қайд этилмоқда. Жумладан, 46-54 фоиз сегментида муддати кечиктирилган шартномалар улуши 20,8 фоизга, 54-62 фоиз сегментида – 27,5 фоизга етади. Энг юқори кечиктириш даражаси 62-76 фоиз сегментида кузатилади — 33,7 фоиз, бу ушбу оралиқда кредит рискларининг жуда юқори даражада жамланганини кўрсатади.

Кечиктиришнинг кескин ўсиш чегараси 45-50 фоиз чегарасида жойлашган бўлиб, ушбу нуқтадан кейин портфель сифати сезиларли даражада ёмонлашади. Бу ўз навбатида, юқори ставкали кредитлар устидан алоҳида назорат ўрнатиш мақсадга мувофиқ эканини кўрсатади.

Кредит муддати узайган сари кечиктиришлар ҳолати ошиб боради

Таҳлиллар кредит муддати ва кредит риск даражаси ўртасида чизиқли бўлмаган боғлиқлик мавжудлигини кўрсатган. Энг паст кечиктириш ҳолатлари 3 ойгача бўлган қисқа муддатли кредитларда кузатилган (4,4%).

Кредит муддати узайган сари кечиктиришлар ҳолати ҳам ошиб боради ва 6-12 ой сегментида 13,7 фоизга, 12-24 ой сегментида эса 18,6 фоизга етади.

Кредитлар бўйича тўловларни кечиктиришнинг энг юқори даражаси 24-36 ой сегментида қайд этилган — 19,8 фоиз, бу эса ўрта муддатли кредитлар риск даражаси энг юқори бўлган сегмент эканини кўрсатади. Кредит муддати узоқроқ бўлган ҳолларда кечиктириш ҳолатлари пасайиши кузатилган: 36-60 ойлик сегментда — 18,9 фоиз, 60 ойдан ортиқ кредитларда эса — 11,3 фоиз.

Гендер кесимидаги таҳлилларга кўра,барча кредит муддатлари бўйича эркак қарз олувчиларда кечиктирилган қарзлар улуши аёл қарз олувчиларга нисбатан юқорироқ шаклланган. Айниқса, 60 ойдан ортиқ муддатга ажратилган узоқ муддатли кредитлар сегментида фарқ сезиларли бўлиб, эркакларда ушбу кўрсаткич 13,3 фоизни, аёлларда эса 8,9 фоизни ташкил этган.

Онлайн кредитларни кечиктириб тўлаш даражаси юқори

Онлайн кредит олганлар бўйича кредитларни қайтаришни кечиктирганлар улуши офлайн кредит олганларга нисбатан юқори шаклланган. Шу билан бирга, ёш бўйича ҳам тафовут онлайн ва офлайн кредит олганларга ажратган ҳолда таҳлил қилинганда ҳам сақланиб қолган. Яъни 18-25 ёш орасидаги кредит олувчиларда кредитларни қайтаришни кечиктириш энг юқори шаклланган. Шунингдек, иккала турдаги кредитлар бўйича ҳам кредитларни қайтаришни кечиктириш эркакларда аёлларга қараганда юқори.

Биттадан ортиқ кредит олганлар қарзни тўлашни кечиктирмоқда

Шартномалар таҳлили кредит шартномалари сонининг ошиб бориши билан кредитларни тўлаш интизомининг ёмонлашиб боришини кўрсатди.

Хусусан, эркак қарз олувчилар орасида ушбу кўрсаткич битта шартнома мавжуд бўлганда 19,1 фоиздан, 10 дан ортиқ шартнома мавжуд бўлганда 45,3 фоизгача етади, аёллар орасида эса — 16,5 фоиздан 36,6 фоизгача ошади.

Бу кредит мажбуриятлари сони ортиши билан тўловларни кечиктириш эҳтимоли сезиларли даражада ошишини кўрсатади (9-расм).

Шунингдек, бир қарз олувчига тўғри келадиган кечиктирилган шартномаларнинг ўртача улуши шартномалар сони кўпайиши билан ўсиб борувчи тенденцияни намойиш этган. Эркак қарз олувчиларда ушбу кўрсаткич иккита шартнома ҳолатида 14,9 фоиздан 10 дан ортиқ шартномаларда 27,5 фоизгача ошади. Аёл қарз олувчиларда эса 11,4 фоиздан 21,4 фоизгача ўсиб, тизимли равишда эркак қарз олувчилар кўрсаткичларидан паст даражада қолмоқда.

Теглар:

#кредит#кредит_фоизи#таҳлил

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган