2026 йил 10 март куни “Madad Invest Bank” АТБ акциядорларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши ўтказилади. Бу ҳақда Корпоратив ахборот ягона порталида хабар берилди.
Йиғилиш соат 11:00 да Фарғона шаҳри, Соҳибқирон Темур кўчаси, 71-уй манзилида жойлашган “STROY MONTAJ INVEST” МЧЖ маъмурий биносида бўлиб ўтади.
Йиғилиш кун тартибида банк Кузатув кенгаши аъзосининг ваколатини муддатидан илгари тугатиш, банкнинг фирма номини ўзгартириш масаласини кўриб чиқиш, банк уставига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш каби масалалар ўрин олган.
Шунингдек, акциядорлар банкнинг янги ташкилий тузилмасини тасдиқлаш ҳамда банк томонидан йирик битимлар тузишни муҳокама қилиши режалаштирилган.
Йиғилишда иштирок этиш ҳуқуқига эга акциядорлар рўйхати 2026 йил 6 март ҳолатига шакллантирилади.
