Ўтган йил умумий пул тушумлари ҳажми бир квадриллион сўмдан ошди

13.02.2026 16:08

81

2025 йилда банкларга умумий пул тушумлари 28 фоизга ошиб, 1 квадриллион 75 трлн сўмга етди. Банклар орқали жами нақд пул айланмаси (тушум ва чиқим) ҳажми эса 1 квадриллион 250 трлн сўмни ташкил этиб, 2024 йилга нисбатан 24 фоизга ошди. Нақд пулларнинг умумий пул массасидаги улуши 1,1 фоиз бандга пасайди.

Фото: Bankers.uz

Марказий банк томонидан 2025 йил учун нақд пул муомаласи шарҳи эълон қилинди. Унда келтирилган маълумотларга кўра, ўтган йилда Ўзбекистонда умумий пул тушумлари (нақд пул ва терминал тушумлари) 1 075 трлн сўмни ташкил этиб, 2024 йилга нисбатан 28 фоизга ошган.

Жумладан, банкларга умумий пул тушумларида терминал (шу жумладан, мобил иловалар) орқали тушумлар улуши 2024 йилдаги 40 фоиздан 2025 йилда 43 фоизга ўсиши кузатилди. Савдо ва хизматлар соҳасида терминал тушумлари (шу жумладан, мобил илова орқали тўловлар) салмоғи ўтган йилдаги 44 фоиздан 48 фоизга етди.

Манба: Марказий банк

Банклар орқали нақд пул айланмаси

2025 йилда банклар орқали нақд пул айланмаси ҳажми 1 250 трлн сўмни ташкил этиб, 2024 йилга нисбатан 24 фоизга ошган. Бунда нақд пул тушумлари – 615 трлн сўм, берилган нақд пуллар – 635 трлн сўмга тенг бўлган.

Манба: Марказий банк

Банкларга нақд пул тушумлари ўтган йилга нисбатан 114 трлн сўмга ёки 23 фоизга ўсди. Хусусан, банк хизматларидан (омонатлар, кредит қайтарилиши, хорижий валюталарни сотишдан тушумлар) нақд пул тушумлари 60 трлн сўмга, савдо тушумлари 25 трлн сўмга ва пуллик хизматлардан тушумлар 16 трлн сўмга кўп бўлди.

Банкоматлар ва банк карталаридан ечилган нақд пуллар

Шунингдек, ўтган йилда банк кассалари (шу жумладан, банкоматлар) дан жами берилган нақд пуллар 2024 йилга нисбатан 125 трлн сўмга ёки 25 фоизга ошди. Мазкур ҳолат асосан банк карталаридан нақд пул ечиш ҳажмининг 54 трлн сўмга, банклар томонидан аҳолидан нақд чет эл валютасини сотиб олиш учун берилган нақд пуллар ҳажмининг 27 трлн сўмга ҳамда аҳолининг омонат ҳисобварақларидан нақд пул ечиши 18 трлн сўмга ўсиши ҳисобига юзага келди.

2025 йилда банк карталарига кирим қилинган маблағлар ҳажми 2024 йилга нисбатан 1,4 баробарга ошиши асосан аҳоли даромадларини ўсиши билан изоҳланади. Ушбу даврда банк карталаридаги 279 трлн сўм маблағлар нақдлаштириб олинган.

Манба: Марказий банк

Банкларга тушган ва чиқим қилинган нақд пуллар ўртасидаги фарқ Марказий банк томонидан муомалага қўшимча нақд пулларни чиқариш орқали таъминлаб борилди.

Хусусан, Марказий банк томонидан 2025 йилда муомалага қўшимча 16,8 трлн сўм нақд пуллар чиқарилиб, 2026 йил 1 январь ҳолатига нақд пулларнинг умумий пул массасидаги улуши 18,1 фоизни ташкил қилган ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,1 фоиз бандга пасайган.

Теглар:

#нақд_пуллар#пул_эмиссияси

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган