"Hayot Bank" акциядорлик жамияти Кузатув кенгашининг тегишли қарори билан Жамолхўжа Омонхўжа ўғли Тошпўлатхўжаев банк Бошқаруви раиси ўринбосари лавозимига тайинланди. Бу ҳақда банк Кузатув кенгашининг 2026 йил 11 февралдаги йиғилиш баёнида маълум қилинган.
Баённомада янги ўринбосар лавозимига тасдиқланиши учун Марказий банк билан келишув жараёнларидан ўтганлиги кўрсатилган.
Ж.Тошпўлатхўжаев 1980 йилда Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида туғилган. 2002 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг “Ташқи иқтисодий фаолият” йўналишини бўйича, шунингдек, 2011 йилда Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясини тамомлаган.
Ж.Тошпўлатхўжаев меҳнат фаолиятини 2002 йилда "Ўзсаноатқурилишбанк" АТБ тизимида бошлаган. У 2002–2012 йиллар давомида мазкур банкнинг Чирчиқ филиалида иқтисодчи, етакчи мутахассис ва бош бухгалтер ўринбосари каби турли лавозимларда ишлаган. 2012 йилдан 2024 йилга қадар "Invest Finance Bank" АТБ (InFinBank) тизимида фаолият юритиб, банкнинг Тошкент вилояти филиали бош бухгалтери, 2016–2022 йилларда эса Бош банк Бош бухгалтери ва Бошқарув аъзоси лавозимларида меҳнат қилган.
2024 йил февраль ойидан бошлаб Жамолхўжа Тошпўлатхўжаев "Hayot Bank" АЖ Молиявий бошқарув ва ҳисобот департаменти директори — Бош бухгалтер сифатида ишлаб келаётган эди.
Жамолхўжа Тошпўлатхўжаев мазкур лавозимда банкнинг молия ва ҳисобот департаменти, ғазначилик бошқармаси, кредит портфели мониторинги департаменти, молиявий менежмент бошқармаси, “Қадриятлар” MBU, “Soft-collection” бошқаруви ҳамда стратегик ва ташкилий ривожланиш департаменти фаолиятига бевасита раҳбарлик қилади.
Эслатиб ўтамиз, январь ойи охирида банк бошқаруви раиси ўринбосарларидан бири Элдор Собиров лавозимидан озод қилинган эди.
