Европа тўловлар ташаббускори (European Payments Initiative — EPI) раҳбари Мартина Ваймерт Financial Times нашрига берган интервьюсида Европа халқаро тўлов тизимларига боғланиб қолгани ва уларнинг муқобилини яратиш пайти келгани ҳақида гапирди.
"Биз халқаро тўлов ечимларига жуда боғлиқмиз," деди Европанинг 16 та банки ва молиявий хизматлар компаниялари альянси бўлган EPI бош ижрочи директори Мартина Ваймерт.
"Ҳа, бизда ички [тўлов] карта схемалари каби яхши миллий активлар бор... лекин бизда трансчегаравий ҳеч нарса йўқ. Мустақиллик жуда муҳим ва бу вақт масаласи эканлигини ҳаммамиз биламиз... биз зудлик билан ҳаракат қилишимиз керак," дея қўшимча қилган у.
Масала қанчалик жиддий эканини Visa ва Mastercard Евроҳудуд карталари транзакцияларининг деярли учдан икки қисмини ташкил этиши ҳам кўрсатмоқда. Европа Иттифоқининг ўн учта давлатида ушбу Америка компанияларига миллий муқобил йўқ, шу билан бирга мавжуд бўлган маҳаллий дастурлардан фойдаланиш камайиб бормоқда.
Шунингдек, нақд пулдан фойдаланиш ҳам пасаймоқда, бу эса ЕИ расмийларини муносабатларнинг кескинлашуви пайтида Америка тўлов компаниялари қудратли қуролга айланиши мумкинлигидан хавотирга солмоқда.
"Чуқур интеграция барча ҳамкорлар билан иттифоқ бузилганда суиистеъмол қилиниши мумкин бўлган қарамликни келтириб чиқарди. Бир вақтлар ўзаро тийиб туриш манбаи сифатида қаралган ўзаро боғлиқлик ричаг ва назорат манбасига айланди", деган эди Европа Марказий банкининг собиқ президенти Марио Драги яқинда сўзлаган нутқида.
Хавфсизлик ёстиқчасини яратиш мақсадида 2024 йили EPI Apple Pay’га муқобил бўлган “Wеro” ни ишга туширган эди. Тўлов воситаси Белгия, Франция ва Германияда 48,5 млн фойдаланувчига эга бўлди. Дастур 2027 йилгача онлайн тўловлар ва савдо нуқталаридаги тўловларни кенгайтиришни режалаштирмоқда.
Ваймерт FT нашрига берган интервьюсида банклар ва савдогарлар ҳам трансчегаравий Европа тўлов тармоғини ривожлантириш зарурлигидан хабардорлигини, "геосиёсий контекст" энди асосий мавзуга айланаётганини қўшимча қилди.
