Солиқ қўмитаси Ўзбекистондаги тижорат банкларидан фуқароларнинг хорижий интернет-компанияларга (Apple, Facebook, Netflix ва ҳ.к.) амалга оширган тўловлари ҳажмини текшириш учун транзакциялар тарихини сўраб хат йўллади. Бундан кўзланган мақсад — "глобал IT-гигантларининг солиқ ҳисоботларини текшириш" деб кўрсатилган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган хат нусхасига кўра, Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси банкларга мурожаат қилиб, 2023–2025 йиллар оралиғида 83 та хорижий компанияга (электрон хизмат кўрсатувчилар) амалга оширилган тўловлар бўйича маълумотларни сўраган.

Хат нусхаси / Манба: Ижтимоий тармоқлар
Хат мазмунидан кўриниб турибдики, солиқ органлари фуқароларнинг Ф.И.О. (фамилия, исм, отасининг исми) ёки паспорт маълумотларини сўрамаган, бўлса-да, ҳар бир транзакция бўйича муайян маълумотлар тақдим этилиши талаб қилинмоқда. Хусусан, талаб қилинаётган маълумотлар қаторида транзакция амалга оширилган сана (йил, ой, кун), тўлов суммаси (АҚШ доллари эквивалентида) кабилар бор.
Ушбу маълумотлар Visa, Mastercard, UzCard, Humo карталари ва электрон ҳамёнлар орқали ўтказилган ҳар бир операция кесимида сўралмоқда.
Солиқ қўмитасининг асосий мақсади — Ўзбекистонда ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтган 83 та хорижий компания (Google, Meta, Apple ва бошқалар) томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботларининг тўғрилигини аниқлаш эканлиги қайд этилган.
Оддий тушунтирганда, агар "Netflix" "Ўзбекистондан 1 млн доллар даромад қилдим", деб ҳисобот берса-ю, банклар тизимидан "Netflix"га 2 млн доллар чиқиб кетгани кўринса — бу солиқдан қочиш ҳолати бўлиши мумкин.
Гарчи сўровда фуқароларнинг исм-шарифи сўралмаган бўлса-да, вазият ҳуқуқий жиҳатдан баҳсли бўлиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг "Банк сири тўғрисида"ги қонунининг 3-моддасига кўра, банк сирига мижоз ҳақидаги маълумотлар, ҳисобварақлар ва омонатларнинг ҳолати, амалга оширилган операциялар киради.
Қонунчиликда "агар исми ёзилмаган бўлса, операциялар рўйхати банк сири эмас" деган тўғридан-тўғри истисно йўқ. Ҳатто эгаси кўрсатилмаган бўлса ҳам, мижознинг ҳисобварағидаги ҳар бир транзакция (вақти ва суммаси) банк сири объекти ҳисобланиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 41-моддасида ҳам банк операцияларининг сир тутилиши кафолатланган. Бу ерда гап нафақат шахснинг кимлиги, балки унинг молиявий ҳаракатлари дахлсизлиги ҳақида ҳам кетмоқда.
Bankers.uz боғланган ахборот хавфсизлиги мутахассислари фикрича, "деперсонализация" қилинган (шахси кўрсатилмаган) маълумотлар ҳам, агар улар жуда батафсил бўлса (аниқ вақт, секунд ва аниқ сумма), бошқа манбалар билан солиштириш орқали шахсни қайта тиклаш имконини бериши мумкин. Бироқ, солиқ органининг мақсади жисмоний шахсларни эмас, юридик шахслар (хорижий компаниялар) тушумини назорат қилиш эканлиги инобатга олинса, бу сўровни "умумлаштирилган таҳлил" (агрегация) учун деб оқлаш мумкин.
Солиқ кодексига кўра, солиқ органлари солиқ тўловчи (бу ҳолатда хорижий компания) фаолиятини текширишда банк маълумотларини олишга ҳақли. Лекин одатда бу "умумий айланма" (оборот) шаклида бўлиши керак. Хатда эса "ҳар бир транзакция" (har bir tranzaksiya) сўралиши банклар учун катта техник юк ва мижозлар операцияларининг "Big Data"сини яратишга уринишдек кўринмоқда.
Солиқ қўмитасининг ушбу ҳаракати яширин иқтисодиётга қарши кураш ва рақамли хизматлар бозорини тартибга солиш йўлидаги мантиқий қадам бўлиши, фуқароларнинг исм-шарифи сўралмаганлиги эса ахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликка риоя қилиш бўлиши ҳам мумкин.
Аммо, банклар ушбу маълумотларни тақдим этишда мижознинг операциялари махфийлигини сақлаб қолиш ва сўралган маълумотларнинг фақатгина аналитик мақсадларда ишлатилишига кафолат олишлари зарур. Акс ҳолда, ҳатто "исмсиз" рўйхатлар ҳам келажакда ҳар бир харидни назорат қилувчи прецедентга айланиб қолиши ҳеч гап эмас.
Bankers.uz мазкур вазият бўйича тегишли органлардан изоҳ кутиб қолади.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йил 1 январь ҳолатига кўра Ўзбекистонда 78 та хорижий корхона электрон шаклда хизмат кўрсатиб, 1 трлн 482,3 млрд сўмлик тушум қилган ва шундан 181,3 млрд сўм солиқ тўлаган.
