5 февраль куни Президентнинг “2026 йилда ҳудудларни янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш орқали аҳоли даромадини ошириш, барқарор иш ўринларини яратиш ҳамда камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори (ПҚ–49-сон) қабул қилинди.
Қарорга кўра, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида маҳаллаларда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагида бўлган фуқароларга (ўзини ўзи банд қилган шахсларга) гаров таъминотисиз ажратиладиган кредитлар миқдори 50 млн сўмгача оширилади.
Шунингдек:
- чорвачиликка ихтисослашган маҳаллаларда импорт қилинган ва сертификатланган наслли чорва моллари хариди ва туячилик учун кредит миқдори 100 млн сўмгача оширилади;
- туризм салоҳияти юқори бўлган маҳаллаларда уй меҳмонхоналарини ташкил қилиш ҳамда ихтисослашуви 50 фоиздан юқори маҳаллаларда маҳсулотларни сақлаш ва қайта ишлаш учун минитехнологиялар сотиб олишга 150 млн сўмгача гаровсиз кредитлар ажратилади;
- ажратиладиган кредитлар ҳисобига товар ва хизматларни олдиндан етказиб бериш талаби бекор қилинади.
2026 йил 1 мартдан тижорат банклари томонидан амалга оширилаётган “маҳалла лойиҳаси” дастури доирасида маҳаллалар ихтисослашувини чуқурлаштириш бўйича ажратиладиган кредитлар фоиз ставкасининг бир қисмига компенсация тақдим этилади.
Бунда маҳсулот етиштиришга қаратилган лойиҳалар бўйича кредитлар фоиз ставкасининг 4 фоизлик пункти, қўшимча қиймат яратадиган қайта ишлаш лойиҳалари бўйича кредитлар фоиз ставкасининг 6 фоизлик пункти қўлланилади.
Бундан ташқари, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиявий қўллаб-қувватлаш инструментлари жорий этилади.
Унга кўра, юқори даромадли маҳсулот етиштиришни йўлга қўйиш мақсадида уста деҳқонларга ҳар 10 та хонадонни ихтисослаштирганлиги учун 2 млн сўм ҳамда маҳалладаги хонадонларнинг 30 фоизини ихтисослаштирганлиги учун 75 млн сўм миқдорида субсидия берилади.
Томорқа ва ижара ер майдонларидаги самарасиз эски боғларни реконструкция қилиш ва янгиларини барпо этиш учун қуйидаги тартибда субсидиялар ажратилади:
- сертификатга эга мевали дарахт кўчати нархининг 50 фоизи, бироқ ҳар бир кўчат учун мева турига қараб 30 минг сўмдан ошмаган миқдорда;
- меваларнинг турига қараб ҳар бир ўрнатилган тиргак (устун) нархининг 50 фоизи, бироқ 70 минг сўмдан ошмаган миқдорда;
- ҳар бир сотихга ёмғир сувини йиғиш ва (ёки) томчилатиб суғориш тизимини ўрнатиш учун 160 минг сўмгача миқдорда;
- сув таъминоти оғир бўлган ҳудудларда томорқа ва ижара ер майдонларини суғориш учун тик қудуқларни бурғилаш ва қуввати 10 кВт соатдан кам бўлмаган қуёш панелини ўрнатиш учун харажатларнинг 70 фоизи, бироқ 200 млн сўмдан ошмаган миқдорда субсидиялар ажратилади.
