Сирдарё вилоятида ўзини Марказий банк ходими сифатида таништириб, ноқонуний даромад топиб келган жиноий гуруҳ фаолияти аниқланди. Бу ҳақда ИИВ Сирдарё вилояти бошқармаси хабар бермоқда.
Вилоятнинг Сайхунобод туманида истиқомат қилувчи 1963 йилда туғилган фуқарога номаълум шахс қўнғироқ қилиб, ўзини Марказий банк ходими сифатида таништирган ва фуқаронинг номидан Hamkorbank орқали шубҳали банк операциясини бўлаётганидан огоҳлантирган ва гўёки Hamkorbank'нинг киберхавфсизлик масъул ходими билан боғлаб берган. Натижада фуқаронинг номига Hamkorbank мобил иловаси орқали микроқарз расмийлаштириб, пул маблағларини ўзлаштиришга эришган.
Ички ишлар ходимларининг аниқлашича, мазкур жиноят 2000 йилда туғилган, Самарқанд вилояти яшовчи фуқаро ва унинг Россия Федерациясида яшовчи Иван ва Игор исмли шериклари томонидан амалга оширилган. Шунингдек, Самарқанд вилоятида яшовчи 2000 йилда туғилган ва 2001 йилда туғилган икки нафар фуқаро ҳам мазкур гуруҳ аъзосига бўлган ва гуруҳда турли вазифаларни бажарган.
Ҳолат бўйича Сирдарё вилояти ички ишлар бошқармаси Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси Тергов гуруҳи томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми "г" банди ( ахборот тизимидан, шу жумладан ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этилган фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов ҳаракатларига кўра, жабрланувчиларга 200 млн сўмдан ортиқ зарар етказилган. Ҳозирда мазкур гуруҳ томонидан амалга оширилган бошқа жиноятлар бўйича тезкор қидирув ва техник тартиблар давом этмоқда.
