Кеча, 3 февраль куни ижтимоий тармоқларда кўплаб Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотлари тарқалиб кетгани ҳақида хабарлар тарқалди. Марказий банк ахборот хизмати хабар беришича, Ўзбекистон тижорат банклари ахборот тизимларига нисбатан бунга оид киберҳужум содир этилмаган.
“Ҳозирги вақтда тижорат банклари, тўлов ташкилотлари ҳамда тўлов тизими операторларининг ахборот тизимларига нисбатан бундай киберҳужум содир этилгани қайд этилмаган”, дейилади регулятор хабарида.
Марказий банк мазкур ҳолат юзасидан фуқаролардан қуйидагиларга қатъий амал қилишни сўраган:
- номаълум ва шубҳали манбаларда тарқатилаётган ҳаволаларга кирмаслик;
- шахсий маълумотлар (банк карта реквизитлари, SMS кодлар, пароллар)ни ҳеч кимга бермаслик;
- фақат расмий манбалар орқали эълон қилинадиган ахборотларга ишониш;
- шубҳали ҳолатларга дуч келганда тегишли ваколатли органларга мурожаат қилиш.
Шунингдек, Киберхавфсизлик маркази ДУК 15 млн Ўзбекистон фуқаросининг шахсий маълумотлари сиздирилгани ва махфий тармоққа жойлаштирилганига оид хабарлар бўйича ўрганишлар олиб борилаётганини ва кейинроқ қўшимча маълумот тақдим этилишини маълум қилди.
Киберхавфсизлик маркази фуқаролардан шахсий маълумотларни бошқа шахсларга ошкор этмаслик, давлат ва бошқа электрон ахборот тизимларига киришда мураккаб логин ва пароллардан фойдаланиш, шунингдек, шубҳали ҳаволалар орқали шахсий маълумотларни киритишдан сақланишни сўради.
