Тошкент шаҳрида 120 000 АҚШ долларини интернет тармоқларидаги қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинга тикиб талон-торож қилган шахслар фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.
Департаментнинг Яшнобод тумани бўлими томонидан тижорат банкининг мурожаатига асосан ўтказилган терговга қадар текширувда аниқланишича, Яшнобод банк филиалида бўлим бошлиғи вазифасида ишловчи Э.Н. “A.” МЧЖ масъул шахслари ва бошқалар билан ўзаро тил бириктириб, “B.B.” МЧЖга 120 000 доллар кредит ажратилишига эришган.
У кейинчалик сохта ҳужжатларни расмийлаштириш орқали кредит маблағини нақдлаштириб олиб, 120 000 долларни интернет тармоқларидаги қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларга ишлатиб, талон-торож қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилаётгани айтилди.
