2026 йил январидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси истеъмол нархлари индекси (ИНИ) ни ҳисоблашнинг янгиланган методологиясини жорий этди. Бу ҳақда қўмита ахборот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, янги методология халқаро стандартлар асосида ҳамда Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) экспертлари кўмагида ишлаб чиқилган.
Асосий ўзгаришлардан бири — истеъмол нархлари бўйича маълумотларни йиғиш даврининг кенгайтирилишидир: 2026 йил январидан у 11 календарь кундан 25 календарь кунгача, яъни ойнинг 1-санасидан 25-санасигача узайтирилди.
Эндиликда ойлик индекс 517 та позиция асосида шакллантирилади (2025 йилдаги 510 тага нисбатан). Хусусан, рўйхатга нодавлат мактабларда таълим, стриминг сервислар, автомобиллар ва электросамокатларни ижарага бериш, мессенжерлар ва сунъий интеллект сервисларига пуллик обуналар, шунингдек электромобилларни қувватлаш хизматлари киритилди.
Шунингдек, илгари қамраб олинмаган харажатлар ҳам қўшилди: иккиламчи бозордан автомобилларни харид қилиш, аквапарк хизматлари, қум, хурмо, пойабзал тозалаш воситалари, давлат хизматлари, ювиш ва дезинфекция воситалари, ўтин ёқилғиси, автомобиль ғилофлари, мусиқа, рақс ва фотография бўйича таълим хизматлари, мебель ва гиламларни ижарага бериш.
Ҳисоб-китоблар аниқлигини ошириш мақсадида айрим товар гуруҳлари қўшимча тарзда батафсиллаштирилади. Жумладан, бензин энди маркалари бўйича (АИ-92, АИ-95, АИ-98, АИ-100) ҳисобга олинади, тошкўмир нархлари эса тартибга солинадиган ва бозор нархларига ажратилади.
2026 йил январидан бошлаб ИНИ ҳисоблаш формуласи ҳам ўзгартирилди: модификацияланган Ласпейрес (Lou) формуласи ўрнига ХВЖ экспертлари томонидан тавсия этилган ва истеъмол нархлари индекси бўйича халқаро қўлланмада (2020) тавсифланган модификацияланган арифметик Young формуласи қўлланилади.
Янгиланган методология бўйича ҳисоб-китоблар 2026 йил февраль ойидан бошлаб қўлланилади.
