2024 йил январь ойидан Шароф Шарипов TBC Digital Бош молия директори этиб тайинланди. Бу ҳақда банк сайтида хабар берилди. TBC Digital TBC экотизимидаги барча бизнесларни бирлаштирган бошқарув компания ҳисобланади.
Шароф Шарипов Буюк Британиядаги банк ва молиявий хизматлар соҳасида 20 йилдан оритиқ тажрибага эга. Унинг профессионал фаолияти акция ва қарз капитали бозорларидаги битимларни, хусусан акцияларнинг бирламчи оммавий жойлаштирилиши (IPO), оммавий ва хусусий қўшилиш ҳамда сотиб олиш битимлари, облигациялар чиқарилиши, шунингдек трансчегаравий активлар билан боғлиқ битимларни ўз ичига олади.
Фаолияти давомида HSBC (2008-2011), UBS Investment Bank (2011-2016), Virgin Money (2016-2017) ва бошқа компанияларда ишлаган. Token Inc тўлов платформаси ва булутли банк ечимлари провайдери 10x Banking'да бош молия директори сифатида фаолият юритган.
2000-2003 йилларда Буюк Британиянинг Уорик университетида Иқтисодиёт ва халқаро муносабатлар йўналишида бакалвр, 2003-2004 йилларда Уорик бизнес мактабида Иқтисодиёт ва молия бўйича магистр даражасини олган.
Шарофнинг турли инвестиция-банк ва молия компанияларидаги бой тажрибаси TBC Uzbekistan'нинг жисмоний шахслар ва бизнес мижозлари учун комплекс экотизим сифатида кейинги ўсиш ва ривожланиш даврида жаҳон даражасидаги жамоамизни янада мустаҳкамлайди. - дейди янги тайинлов ҳақида TBC Uzbekistan Бош ижрочи директори Ника Курдиани.
Аввалги Бош молия директори Давид Габелашвили 23 январь куни лавозимидан озод қилинган эди.
.jpg)