Таҳлилларга кўра, Ўзбекистон тижорат банкларининг жами депозит базаси 2025 йил давомида 35,2 фоизга ёки 108 трлн 566 млрд сўмга ўсган ва йил якунида 417 трлн 258 млрд сўмга етган. Депозитларнинг 61,6 фоизи юридик, 38,4 фоизи жисмоний шахсларга тегишли.
Йил давомида юридик шахсларга тегишли депозитлар 70,6 трлн сўмга ўсган бўлса, жисмоний шахсларники эса 38,0 трлн сўмлик ўсиш қайд этган. Шу туфайли умумий депозитлар ҳажмидаги жисмоний шахслар улуши 2024 йилдаги 39,7 фоиздан, 2025 йилда 38,4 фоизгача пасайган.

Инфографика: Bankers.uz
Давлат банклари
Давлат банкларидаги депозит база 212,7 трлн сўмни ташкил қилди. 2024 йилга нисбатан ўсиш 58,2 трлн сўмни ёки 37,6 фоизни ташкил қилди.
Давлат банклари депозитлари ҳажмида жисмоний шахслар улуши 30,1 фоиздан 34,5 фоизгача кўтарилган.
Миқдорий жиҳатдан энг кўп ўсиш 3 та йирик давлат банки — Агробанк (+14,1 трлн сўм), Ўзмиллийбанк (+13,6 трлн сўм) ва Ўзсаноатқурилишбанк (+10,7 трлн сўм) да, фоиз жиҳатдан эса Агробанк (+72,5 %), Ўзсаноатқурилишбанк (+51,6 %), Туронбанк (+50,3 %), Бизнесни ривожлантириш банки (+41,6 %) да кузатилган.
Жами депозитлар миқдори бўйича Агробанк 2024 йилда 2-ўринда бўлган Халқ банки (26,6 трлн сўм) ва Ўзсаноатқурилишбанкни (31,5 трлн сўм) ортда қолдириб, 2-ўринга чиққани эътиборга молик.
Жисмоний шахсларнинг омонатлари Ўзмиллийбанк (12,7 трлн сўм), Агробанк (9,4 трлн сўм), Асакабанк (7,1 трлн сўм) ларда, юридик шахсларнинг депозитлари Ўзмиллийбанк (24,2 трлн сўм), Халқ банки (18,7 трлн сўм), Ўзсаноатқурилишбанки (13,7 трлн сўм) да концентрациялашган.
Бошқа банклар
2025 йилда давлат улуши мавжуд бўлмаган банкларнинг депозитлари ҳажми 50,4 трлн сўмга ёки 32,7 фозга кўпайиб, 204,6 трлн сўмга тенг бўлди.
Мазкур банкларда жисмноий шахсларнинг депозитлари 16,6 трлн сўмга, юридик шахсларники эса 33,8 трлн сўмга ортган. Шу туфайли хусусий банклар депозитларида жисмоний шахсларнинг улуши 44,8 фоиздан 41,9 фоизгача пасайган.
Миқдорий жиҳатдан энг кўп ўсиш Октобанк (+8,9 трлн сўм), Капиталбанк (+7,7 трлн сўм), Anorbank (+4,4 трлн сўм), Hayot bank (+3,8 трлн сўм), Hamkorbank (+3,5 трлн сўм) да, фоиз жиҳатдан эса AVO bank (+1744%), Uzum bank (+927%), Apexbank (+572%), Октобанк (+473%), Hayot bank (+326%), Мадад инвест банк (+312%), Гарантбанк (+251%), Yangibank (+104%) да ошган.
Тенгебанк (-719,3 млрд сўм), Зираат банк (-503,2 млрд сўм) ҳамда Содерот банк (-4,8 млрд сўм) да депозитлар миқдори камайган.
