Марказий банк декабрь ойида 10 та банкка жарима қўллади

14.01.2026 12:42

585

Марказий банк ўтказган текширувлари якунларига кўра, пруденциал талаблар ва қонунчилик ҳужжатларига риоя этмагани учун ўтган йилнинг декабрь ойида 10 та банк ва 1 та микромолия ташкилотига нисбатан жарима санкциялари қўллади. Шунингдек, 10 та банк, 1 та тўлов ташкилоти ва 1 та тўлов операторини огоҳлантирди.

Фото: Яндекс

Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси томонидан 2025 йилнинг декабрь ойидаги 6 марта йиғилиш ўтказди. Мазкур йиғилишларда жами 45 та масала кўриб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди. Бу ҳақда регулятор матбуот хизмати хабар берди.

Хусусан, рўйхатга олиш ва рухсат бериш йўналишида жами 30 та масала кўриб чиқилди. Жумладан, кредит ташкилотлари уставига киритилган ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказиш (5 та), янги очилаётган микромолия ва кредит ташкилотларини ҳисоб рўйхатидан ўтказиш (4 та), кредит ташкилотларининг устав фондидаги улушига эгалик қилиш учун рухсат бериш (4 та), “тартибга солиш қумдони” асосида фаолият юритиш (1 та), банкларнинг аудиторлик текширувларини ўтказиш ҳуқуқи учун аудиторлик малака сертификатини бериш (4 та), шунингдек, тижорат банклари кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзолари ҳамда муҳим аҳамиятга эга ходимларининг номзодларини кўриб чиқиш (12 та) билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, кредит ташкилотларининг молиявий ҳолатига оид 15 та масала, хусусан, Марказий банкнинг кўрсатмалари ва пруденциал меъёрлари талабларининг бажарилиши, тижорат банклари, кредит ва микромолия ташкилотларида ўтказилган инспекция натижалари, банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш ҳамда банк ва тўлов ташкилотларида киберхавфсизликни таъминлашга қаратилган масалалар кўриб чиқилди.

Марказий банк талаблари, ўтказилган инспекция текширувлари ҳамда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш қоидаларига риоя этмаганлиги учун 10 та банк ва 1 та микромолия ташкилотига нисбатан жарима санкцияси қўлланилди.

Шунингдек, пруденциал норматив талабларига риоя этилмаганлиги, фаолиятини қонунчилик талабларига мувофиқлаштирмаганлиги ҳамда инспекция текширувлари давомида аниқланган камчиликлар учун 10 та банк, 1 та тўлов ташкилоти ва 1 та тўлов операторига нисбатан таъсир чоралари ва санкциялар қўлланилиши тўғрисида огоҳлантириш берилди.


Теглар:

#жарима

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган