Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Марказий банк Бошқарувининг қўшма қарори билан "Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар тоифасига киритиш мезонлари тўғрисида"ги низом тасдиқланди. Янги ҳужжат молия бозорининг қатор профессионал иштирокчилари, хусусан, банклар ва финтех компаниялари учун мазкур йўналишдаги муҳим янгиликларни ўз ичига олади.
Янги тартибга кўра, молиявий барқарорлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида, аҳоли ва тадбиркорлар маблағлари билан бевосита ишловчи ташкилотлар эндиликда "Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар" (Public Interest Entities) сифатида таснифланади.
Кимлар бу рўйхатга киради?
Низомга асосан, қуйидаги ташкилотлар автоматик равишда жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар деб топилади:
- Тижорат банклари;
- Микромолия банклари;
- Микромолия ташкилотлари (МФТ);
- Тўлов тизими операторлари (масалан, UZCARD, HUMO каби тизимлар операторлари);
- Тўлов ташкилотлари (электрон ҳамёнлар ва тўлов иловалари эгалари);
- Факторинг ташкилотлари;
- Ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотлари;
- Кафолатлар бериш ташкилотлари;
- Суғурта ташкилотлари;
- Фонд биржалари ва қимматли қоғозлари биржа савдоларига (листингга) киритилган акциядорлик жамиятлари.
Молия секторидан ташқари, иқтисодиётнинг бошқа соҳаларидаги йирик тадбиркорлик субъектлари ҳам, агар ўтган календарь йил якунлари бўйича қуйидаги шартлардан иккитасига жавоб берса, ушбу тоифага киритилади:
- Активларининг баланс қиймати: Базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 1 миллион бараваридан ортиқ бўлса;
- Соф тушуми: Маҳсулотларни (товар, иш, хизматларни) сотишдан тушган соф тушум БҲМнинг 1 миллион бараваридан ортиқ бўлса;
- Ишчилар сони: Ходимларнинг ўртача йиллик сони 500 нафардан ортиқ бўлса.
Низомга кўра, жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар — бу фаолияти кенг жамоатчилик манфаатларига, хусусан, кўп сонли инвесторлар, омонатчилар ва мижозларнинг молиявий ҳолатига сезиларли таъсир кўрсатадиган субъектлардир.
Ушбу мақомга эга ташкилотлар учун Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС) асосида ҳисобот юритиш ва уни эълон қилиш мажбурий ҳисобланади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан "Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар реестри" шакллантирилади ва юритилади. Бу рўйхат очиқ ва шаффоф бўлиб, инвесторлар учун ишончли манба вазифасини ўтайди.
Мазкур Низомнинг қабул қилиниши, банклар ва тўлов ташкилотларининг жамият олдидаги масъулияти расман қонунчилик даражасида мустаҳкамланганини билдиради. Эндиликда ушбу ташкилотларнинг молиявий ҳисоботлари, аудиторлик текширувлари ва корпоратив бошқарув тизимларига нисбатан талаблар янада қатъийлашади.
