Марказий банк Тошкент вилояти бош бошқармаси Нурафшон шаҳрига кўчирилади

24.11.2021 07:46

1 960

Янги маъмурий бино учун умумий қиймати 1,3 млрд сўмлик смета ҳужжатларини тайёрлаш лойиҳаси Ўзбекистон товар-хом ашё биржасининг тендерлар очиқ порталига жойлаштирилган.

Марказий банк Тошкент вилояти бош бошқармаси. Фото: cbu.uz

Марказий банк Тошкент вилояти бош бошқармаси учун Нурафшон шаҳрида янги маъмурий бино қуришини маълум бўлди. Янги маъмурий бино учун умумий қиймати 1,3 млрд сўмлик смета ҳужжатларини тайёрлаш лойиҳаси Ўзбекистон товар-хом ашё биржасининг тендерлар очиқ порталига жойлаштирилган.

Лойиҳа Марказий банкнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Буюртмачи Марказий банкнинг Тошкент вилояти бош бошқармаси ҳисобланади. Бош бошқарма ҳозирда Тошкент шаҳри Олмазор тумани Абдулла Қодирий кўчаси 1-а уйда жойлашган Марказий банк биносида фаолият кўрсатиб келмоқда. Эндиликда у Тошкент вилоятининг маъмурий-маркази — Нурафшон шаҳрига "кўчиб кетмоқчи".

Лойиҳа смета ҳужжатларига қўйилган техник талабларда қурилиши режалаштирилаётган бино беш қаватдан иборат бўлиши ҳамда ўз ер тўла (подвал)сига эга бўлиши кўзда тутилган. Бинонинг умумий майдони 1,2 гектар.

Қуриладиган бинонинг биринчи қаватида фронт-офис, бэк-офис, кассалар ва сақлаш хоналари, ҳисоб-китоб касса маркази, инкассация бўлинмаси, инкассация машиналари учун бокслар, қўриқлаш тизими, 70-80 кишилик ошхона, серверлар ва бошқалар жойлашади. Иккинчи қаватда катта конференция зали, Бош бошқарма бошлиғи ўринбосари хонаси, очиқ типдаги офислар (Open Space) жойлашади. Юқори қаватларда очиқ типдаги офислар (Open Space), Бош бошқарма бошлиғи ўринбосари хонаси, Бош бошқарма бошлиғи учун хона ҳамда ўртача катталикдаги конференция зали қурилиши кўзда тутилган.

Марказий банкнинг Тошкент вилояти бош бошқармаси жойлашган Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги бино ҳам айни вақтда таъмирланмоқда. Бошқарма вакилининг сўзларига кўра, бу бинога Марказий банк Тошкент шаҳар бош бошқармаси кўчиб келади. Ҳозирда Тошкент шаҳар бош бошқармаси Тошкент шаҳрида жойлашган Ипотека банк, Ўзсаноатқурилишбанк, Халқ банки биноларида ижарада фаолият олиб бормоқда.

Теглар:

#марказий#тошкент#шаҳар#бошқарма#нурафшон

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган