Тошкент шаҳри Чилонзор туманида банкоматни бузиб очишга уринган ёш йигит қўлга олинди.
Маълумотларга кўра, номаълум шахс соат 02:30 ларда ердан тош олиб, банкоматнинг металл корпусига ура бошлаган. Кўплаб уринишларга қарамай банкомат сейфини оча олмаган, қурилмани шикастлаб, воқеа жойидан қочиб кетган.
Навбатчи қисмга тушган хабар асосида олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида гумонланувчи қўлга олинган.
"Мен трейдингда 10 млн сўм қарз олган эдим ва бир одамга ишониб, пулни унга ўтказдим, у суммани кўпайтириб беради деб умид қилганман. Қарзни ёпиш учун шу ишга қўл урдим. Йўлда банкоматга кўзим тушиб, пулни олишга қарор қилдим. Ташқи қисмини буздим, лекин ичида яна каттароқ сейф бор экан. Уни ҳам очишга уриндим, аммо қўлимдан келмаслигини тушундим. Қилган ишимдан қаттиқ пушаймонман", деган қўлга олинган шахс.
Банкомат сейфида 552 млн сўмдан ортиқ маблағ бўлган. Қурилмага етказилган моддий зарар 30 млн сўмни ташкил этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси ("Ўғирлик) 4-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилди. Унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
