Барқарор молиялаштириш ва “яшил” иқтисодиётга ўтиш: SQBнинг халқаро ҳамкорликдаги стратегик ёндашуви

24.12.2025 15:27

86

Ўзсаноатқурилишбанк (SQB) халқаро ҳамкорлик доирасида барқарор молиялаштириш ва “яшил” иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган изчил стратегияни амалга оширмоқда. GGGI билан ҳамкорлик банкка ESG тамойилларини жорий этиш, “яшил” молиявий инструментларни кенгайтириш ҳамда иқлимга мос лойиҳалар орқали иқтисодий ва ижтимоий барқарорликни таъминлашда муҳим натижаларга эришиш имконини бермоқда.

Фото: SQB

Сўнгги йилларда иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ҳамда иқтисодиётни кам углеродли ва узоқ муддатли ривожланиш моделига йўналтириш устувор йўналишларидан бирига айланди.

Шу нуқтаи назардан, Глобал яшил ўсиш институти (Global Green Growth Institute – GGGI) ташаббуси билан Марказий Осиёда иқлим молиялаштириш соҳасидаги мавжуд бўшлиқларни бартараф этишга қаратилган юқори даражадаги сессия ва амалий семинар ташкил этилди. Тадбир доирасида банк ва молия институтлари учун узоқ муддатли молиялаштириш механизмлари, ESG тамойилларини амалиётга жорий этиш ҳамда “яшил” банк инструментларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Ушбу жараёнлар доирасида Ўзсаноатқурилишбанк (SQB) мамлакатнинг “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегиясига мувофиқ экологик ва ижтимоий масъулият тамойилларига асосланган изчил ёндашувни амалга ошириб келмоқда. Хусусан, ўтган даврда 704,3 млн АҚШ доллари миқдорида “яшил” кредитлар ажратди, 7 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилишига ҳисса қўшди. Шунингдек, “яшил” лойиҳалар орқали муқобил энергия ишлаб чиқариш ҳажми оширилиб, электр энергияси ва сув ресурсларини тежаш бўйича сезиларли натижаларга эришилди.

SQBнинг GGGI билан ҳамкорлиги иқлим молиялаштиришда илғор халқаро тажрибани жорий этиш, институционал ёндашувларни мустаҳкамлаш ва самарали молиявий механизмларни шакллантиришга қаратилган стратегик шериклик сифатида аҳамият касб этмоқда. 2024 йил апрелида имзоланган меморандум 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш мақсадлари ва Париж келишуви доирасида ҳамкорликни чуқурлаштиришга замин яратди.

Ҳамкорлик доирасида Қорақалпоғистон Республикасининг қишлоқ хўжалиги сектори бўйича комплекс таҳлил ўтказилиб, иқлимга мослашган қишлоқ хўжалигини молиялаштиришга қаратилган молиявий модель ишлаб чиқилди. Ушбу ёндашув сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, иқлим хавфларига чидамли ишлаб чиқаришни жорий этиш ҳамда фермерлар ва кичик бизнес субъектларининг молиявий имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Айниқса, иқлим ўзгариши таъсири юқори бўлган ҳудудларда аҳоли даромадларини ошириш ва ижтимоий барқарорликни таъминлашда мазкур модель муҳим аҳамиятга эга.

Шунингдек, GGGI кўмагида банкнинг барқарор молиялаштириш концепцияси халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштирилди, ESG талабларига жавоб берувчи молиявий инструментлар, жумладан “яшил” облигациялар ташаббуслари илгари сурилди. “Sustainable Fitch” томонидан берилган “3” даражали ESG рейтинги банк фаолияти шаффофлигини ошириш ва халқаро инвесторлар ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Умуман олганда, SQB ва GGGI ўртасидаги ҳамкорлик молиявий инструментлар билан чекланиб қолмасдан, иқлимга мос иқтисодий ечимларни жорий этиш, аҳоли бандлигини қўллаб-қувватлаш ва ҳудудларни барқарор ривожлантиришга қаратилган комплекс ижтимоий-иқтисодий таъсирни таъминламоқда.

Global Green Growth Institute (GGGI) – бош офиси Жанубий Кореянинг Сеул шаҳрида жойлашган халқаро ҳукуматлараро ташкилот бўлиб, 2012 йилда Rio+20 конференцияси доирасида таъсис этилган. Бугунги кунда институт дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатларида “яшил” ўсиш ва барқарор ривожланишга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.

Теглар:

#ўзсаноатқурилишбанк#яшил_энергия#ўзсқб

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган