Марказий банк маълумотларига кўра, Ўзбекистон банкларининг жами кредит портфели ноябрь ойида қарйиб 2,5 трлн сўмга ўсиб, кредит қўйилмаларининг умумий қолдиғи 595,3 трлн сўмдан ортган.
Давлат банкларининг аксариятида, хусусан Халқ банк (+597 млрд сўм), Алоқабанк (+490 млрд сўм), Агробанк (+342 млрд сўм), БРБ (+287 млрд сўм)ларда портфель ошган бўлса-да, Ўзсаноатқурилишбанк (-1,5 трлн сўм) ва Асакабанк (-402 млрд сўм)ларда қўйилмаларнинг камайиши эвазига, давлат банклариниг умумий кредит портфели деярли ўсмаган.
Бошқа банклардан ИнФинбанк (+507 млрд сўм), Капиталбанк (+434 млрд сўм), Анорбанк (+397 млрд сўм), Ҳамкорбанк (+287 млрд сўм), Давр банк (+218 млрд сўм), Апекс банк (+208 млрд сўм), Трастбанк (+210 млрд сўм) ва Ипак Йўли банки (+158 млрд сўм)да кредит портфели нисбатан фаолроқ ўсган. Жами бошқа банклардаги портфелнинг 2,4 трлн сўмдан кўпроқ ўсишига сабаб бўлган.
Муаммоли кредитлар ой давомида 1 трлн 828 млрд сўмга камайган. Камайиш давлат банкларида -1 трлн 260 млрд сўм, бошқа банкларда -560 млрд сўмга муаммоли кредитлар миқдори камайиши натижасида рўй берган.
Давлат банкларининг деярли барчасида (Алоқабанкдан ташқари) муаммоли кредитлар миқдори камайган, хусусан Ўзмиллийбанк (-825 млрд сўм) ва Ўзсаноатқурилишбанк (-231 млрд сўм) бу борада фаолроқ бўлган.
Бошқа банклардан Ипотека банк -485 млрд сўм, Капиталбанк -160 млрд сўмга NPLни камайтиришга эришган.
Муаммоли кредитларнинг жами кредит қўйилмаларидаги улуши ой бошидаги 3,77 фоиздан 3,45 фоизгача пасайган.
