2025 йил 19 декабрь куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Бизнесни ривожлантириш банки” AТБ томонидан “Aҳолига тақдим этилаётган чакана хизматлар: сарҳисоб ва режалар” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Унда банк раҳбарияти, мижозлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Таъкидланишича, мамлакатнинг банк тизими сўнгги йилларда аҳоли учун қулай ва ишончли соҳалардан бирига айланиб бормоқда. Буни жорий йилнинг 15 декабр куни Президент Шавкат Мирзиёев капитал бозорини янада ривожлантириш ҳамда банк соҳасида халқаро стандартларни жорий этишни жадаллаштириш юзасидан тақдимот билан танишуви давомида қайд этилган натижалар ҳам тасдиқлаб турибди. Жумладан, банк соҳасидаги ислоҳотлар доирасида сўнгги етти йилда тижорат банкларининг активлари 5,3 баробар ўсиб, 877 трлн сўмдан ошди. Фаолият олиб бораётган банклар сони 35 тага етди ва 2017 йилдан бери Ўзбекистонда 3 та хорижий банк фаолияти йўлга қўйилди.

Фото: Бизнесни ривожлантириш банки
Ўз навбатида, аҳолига таклиф этилаётган замонавий хизматлар жозибадорлиги ошиб, соғлом рақобат муҳити юзага келди. Бу эса, мижозларда танлаш имкониятини ошираётгани билан аҳамиятлидир.
“Бизнесни ривожлантириш банки” AТБ ҳам ушбу тенденциялар ва замонавий талабларга тезда мослашиш, кескин рақобат муҳитида мижозларга янада кўпроқ қулайлик яратиш орқали ишончларини мустаҳкамлашга мунтазам эътибор қаратмоқда.
Айни йўналишда амалга оширилаётган чоралар ва уларнинг натижалари хусусида банкнинг Чакана бизнес департаменти директори Умид Aлимов тақдимот қилди.

Фото: Бизнесни ривожлантириш банки
Қайд этилдики, банкни 2024-2026 йилларга мўлжалланган ривожлантириш стратегиясидаги уч асосий элемент: мижоз, маҳсулот ва каналлар бўлиб, бугунги тақдимот айнан маҳсулотлар йўналишини қамраб олади.
Бугунги кунда юртимиз бўйлаб Бизнесни ривожлантириш банкининг 1 та ипотека маркази, шунингдек 60 та банк хизматлари офиси ҳамда банк хизматлари марказлари мавжуд бўлиб, мижозлар учун 539 та банкомат хизмат кўрсатмоқда.
2025 йилнинг ўзида 24 та янги хизматлар жорий қилиш ҳисобига Чакана бизнес йўналишидаги маҳсулотлар сони 49 тага етказилди. Шундан кредит маҳсулотлари 23 та, омонатлар 5та, банк карталари 11 та, халқаро пул ўтказмалари ва SWIFT каби хизматлар 10 тани ташкил этмоқда.

Фото: Бизнесни ривожлантириш банки
2025 йилнинг 1 декабрь ҳолатига жами ажратилган чакана кредитлар ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 83 фоизга ўсиб, 3 трлн 949 млрд сўмга етказилди.
Аҳоли тадбиркорлигини ривожлантириш учун ажратилган кредитлар эса, шу даврда 255 фоизга ўсиб, 1 трлн 126,4 млрд сўмни ташкил қилди. Ўз навбатида, чакана кредит портфели қолдиғи 19 фоизга ўсишига эришилди ва 1 декабрь ҳолатига 13.6 трлн сўмни ташкил этмоқда.
Шу билан бирга, ҳисобот даврида жами ажратилган чакана кредитлар сони бўйича ҳам ўсишга эришилгани маълум қилинди. Хусусан, 2024 йил 1 декабрда бу хизмат мижозлари 62 181 тани ташкил қилган бўлса, жорий йилнинг шу даврида 101 043 нафарга етди, бу борада 62 фоизлик ўсиш қайд этди. Аҳоли тадбиркорлигини ривожлантириш учун ажратилган кредитлардан фойдаланганлар сони ҳам 37 348 тага етди ва ўсиш динамикаси 75 фоизга тенг бўлди.

Фото: Бизнесни ривожлантириш банки
Яна бир эътиборли жиҳати, онлайн хизматлар йўналишида ҳам ижобий ўсиш суратлари қайд этилди. Жумладан, ажратилган онлайн микроқарзлар борасида ўсиш 93 фоизни ташкил қилиб, умумий миқдори 80,3 млрд сўмга етди.
Кўрилаётган чоралар ва тарғибот тадбирлари орқали аҳолининг бўш пул маблағларини банкларга жалб қилиш борасида ҳам салмоқли натижаларга эришилди. Хусусан, ҳисобот даврида омонатлар қолдиғи, 94 фоизга ўсиб, 3 трлн 850 млрд сўмга етди. Шу даврда аҳолидан жалб қилинган муддатли омонатлар ҳажми 4 трлн 999 млрд сўмни ташкил қилди. Эътиборлиси, онлайн омонатлар миқдори 268 млрд сўмни ташкил қилиб, бу борада 387 фоизлик ўсиш кузатилди.
Шу билан бирга, ўтган даврда 152 887 дона HUMO, 118 317 дона UzCARD ҳамда 41 699 дона Visa банк карталари эмиссия қиланган ва бу борада ҳам мос равишда 33, 158 ва 79 фоизлик ўсиш қайд этилди.

Фото: Бизнесни ривожлантириш банки
2024 йил 1 декабрь ҳолатига 322,7 млн АҚШ доллари миқдорида халқаро пул ўтказмаларига оид амалиётлар бажарилган бўлса, бу кўрсаткич ҳам сезиларли яхшиланиб, жорий йилнинг мос даврида 522,9 млн АҚШ долларини ташкил қилди.
Стратегиядаги яна бир устувор жиҳат, яъни каналлар борасида ҳам замонавий ёндашувларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, “BRB Mobile” иловаси орқали мижозларга таклиф этилаётган маҳсулотлар ҳажми ва сфифатини оширишга қаратилган изланишлар натижасида, доимий фойдаланувчилар сони 682 мингдан ошди. Иловада амалга оширилган транзакциялар сони 5 956 708 тани ташкил қилиб, уларнинг умумий миқдори 4 трлн 651,2 млрд сўмга, кўрилган фойда эса, 25 млрд 550 млн сўмга етди.

Фото: Бизнесни ривожлантириш банки
Матбуот анжуманида иловадан фойдаланиш бўйича яна қўшимча маълумотлар, шунингдек “BRB Mobile” ҳамда “Mening Buyurtmam” платформалари юзасидан атрофлича маълумотлар очиқланди.
Шунингдек, анжуман иштирокчилари янги – “Сhempion”, “Sherdor” карталари ва бошқа янги хизматлар ҳамда истиқболда кўзда тутилаётган лойиҳалар, хусусан 2026 йилда тақдим этилиши режалаштирилаётган лойиҳалар ҳақида ҳам атрофлича таништирилдилар.
Матбуот анжуманида журналистлар мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олди.
Ҳамкорлик асосида
