Жаҳон банки "Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси"га 100 млн АҚШ доллар ажратишни маъқуллади

17.12.2025 09:19

108

Жаҳон банки “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖга 100 млн доллар имтиёзли кредит ажратади. FINGROW лойиҳаси доирасида ажратилган маблағлар ёрдамида 2030 йилгача қарийб 7 мингта кичик ва ўрта бизнес корхоналарини молиялаштириш, 100 мингга яқин янги иш ўринлари яратилиши кутилмоқда.

Фото: ТРК

Жаҳон банки "Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси" АЖга 100 миллион АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит ажратади. Ушбу маблағлар “Ривожланиш ва янги иш ўринларини яратиш учун молиялаштириш имкониятларини кенгайтириш” (FINGROW) лойиҳасини амалга ошириш учун йўналтирилади.

Лойиҳанинг асосий мақсади — капитал танқислиги мавжуд кичик ва ўрта тадбиркорлар учун кредит ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини кафолатлар орқали кенгайтириш, шунингдек, уларнинг капиталига хусусий инвестицияларни жалб қилишга кўмаклашишдан иборат.

Мазкур лойиҳа доирасида Компания кичик ва ўрта тадбиркорлар учун банклар, микромолия ташкилотлари ҳамда хусусий инвесторлар билан ҳамкорликда тадбиркорларга кредит кафолатларини тақдим этиш ва рақобатбардош корхоналар капиталига инвестицияларни жалб қилишга хизмат қилади.

Лойиҳани амалга ошириш давомида 2030 йилга қадар қарийб 7 мингта кичик ва ўрта тадбиркорлар кредит маблағларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлиши кутилмоқда. Уларнинг 4,5 мингга яқини тадбиркор аёллар ва ёшларнинг лойиҳалари ҳисобланади. Ушбу лойиҳалар қўллаб-қувватланиши ҳисобига 100 мингга яқин янги ва доимий иш ўринлари яратилиши режалаштирилган.

“Инновацион молиявий хизматлардан фойдаланишни рағбатлантириш ҳамда капиталдан фойдаланишни кенгайтириш ва хусусий сектор ўсишини қўллаб-қувватлаш учун масъул бўлган институтларни мустаҳкамлаш орқали FINGROW лойиҳаси Ўзбекистонда тезлик билан ўсиб бораётган корхоналар учун янги имкониятлар очади, тадбиркорликни ривожлантириш ва кўпроқ яхши ҳақ тўланадиган, шу жумладан аёллар ва ёшлар ўртасида иш ўринларини яратишга ёрдам беради,” — дея таъкидлади Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Нажи Бенхасин.

Шунингдек, лойиҳа доирасида юқори ўсиш салоҳиятига эга бўлган 70 тага яқин кичик ва ўрта корхоналарга доимий равишда ҳамроҳлик ва менторлик асосида хусусий инвестицияларни жалб қилиш, бизнесни кенгайтириш ҳамда замонавий билим ва тажрибаларни эгаллашларига ёрдамлашилади. 

Бундан ташқари, Компаниянинг муассислигидаги ташкилотлари банклар, микромолия ташкилотлари ва хусусий инвесторлар билан ҳамкорликда қўшимча 500 миллион долларгача хусусий капитал жалб қилишни режалаштирмоқда. Ушбу маблағлар янада кўпроқ тадбиркорлик субъектларининг лойиҳаларини молиялаштириш имкониятларини янада кенгайтиради.



Теглар:

#ТРК#жаҳон_банки

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган