Тимур Ишметов AFI Директорлар кенгаши Раиси ўринбосари этиб сайланди

15.12.2025 13:20

195

5 декабрь куни AFI (Alliance for Financial Inclusion — Молиявий инклюзия альянси) Директорлар кенгаши йиғилишида Ўзбекистон Марказий банки Раиси Тимур Ишметов кенгашнинг янги Раис ўринбосари этиб сайланди. Мазкур лавозимда Марказий банк Раиси AFI Директорлар кенгашида Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақаси вакили сифатида фаолият юритади.

Фото: Kun.uz

5 декабрь куни AFI (Молиявий инклюзия альянси) Директорлар кенгаши Ўзбекистон Марказий банки раисини ўзининг янги Раис ўринбосари этиб, шунингдек, AFI'нинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича Директорлар кенгашидаги вакили сифатида сайлади. Бу ҳақда Марказий банк ахборот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон Марказий банки 2018 йилдан буён AFI'нинг асосий аъзоси бўлиб келмоқда ва AFI бошқарув тузилмаларининг бир қатор органларида, жумладан Банк Бюджет ва молия қўмитаси ҳамда Гендер инклюзив молиялаштириш қўмитаси таркибида фаолият юритиб келмоқда.

Маълумотларга кўра, ҳозирда Ўзбекистон Марказий банки раиси Тимур Ишметов AFI'нинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича Сиёсий ташаббусига раислик қилмоқда.

“Ўзбекистон Марказий банкининг AFI Директорлар кенгаши таркибига қабул қилиниши мамлакатимизда молиявий инклюзияни ривожлантириш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш ҳамда инклюзив молиявий экотизим асосларини мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг муҳим эътирофидир”, деди Ўзбекистон Марказий банки раиси Тимур Ишметов.
“Ушбу тайинлов Ўзбекистонга далилларга асосланган ёндашувлар ва ислоҳотларга йўналтирилган сиёсий қарашларни улашиш, шунингдек, АФИ нинг глобал тармоғи ва кенгроқ молиявий инклюзия ҳамжамияти доирасида адолатли, барқарор ва келажакка тайёр молиявий тизимларни илгари суриш имконини беради”.

Жорий йил сентябрь ойида Руанда Миллий банки раиси Сорая М.Ҳакузияреме AFI Директорлар кенгаши раиси лавозимини эгаллади ва мазкур лавозимни эгаллаган илк аёл бўлди. Ўзбекистон Марказий банкининг Раис ўринбосари сифатидаги ваколати AFI Аъзолар кенгаши томонидан 2026 йилда бўлиб ўтадиган Йиллик умумий йиғилишда тасдиқланади.

Маълумот учун, AFI Директорлар кенгаши ташкилот фаолиятига стратегик йўналиш беради, AFI ўз мақсадларига қандай эришиши, янги имкониятларни аниқлаши ва тармоқни ривожлантириши бўйича маслаҳатлар беради.

Теглар:

#Тимур_Ишметов#тайинлов#AFI

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган