МБ банкларга яна бир бор "инсофсиз амалиётлар" юзасидан хат йўллади

12.12.2025 13:05

214

Регулятор айрим банклар мобил иловаларида “бош оферта” орқали истеъмолчилардан бир нечта хизматларга мажбуран розилик олаётганини танқид қилган. Шунингдек, банклардан кредит картаси муддати ўтганда картани автоматик блоклаш ва тушган маблағдан асосланмаган комиссия ундириш каби амалиётларни тўхтатишни сўраган.

Фото: norma.uz

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тижорат банкларига йўллаган расмий хатда (11 декабрь 2025 й., №26-2/2349) сўнгги пайтларда банклар томонидан масофавий хизматлар кўрсатиш жараёнида кузатилаётган бир қатор муаммоларга, айниқса, мижозларнинг розилигисиз бир нечта хизматларни ягона «бош оферта» орқали тақдим этиш ҳолатларига жиддий эътибор қаратди. 

"Бош оферта" орқали мажбурий қўшимча хизматлар: асосий муаммо нимада?

Марказий банкка келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, айрим банклар мобил илова орқали кўрсатиладиган бир қатор хизматлар ва маҳсулотларни ягона шартнома тариқасида бирлаштириб, мижознинг аслида фақат битта хизматдан фойдаланиш истаги бўлса ҳам, уни умумий офертани қабул қилишга мажбур қилаётгани аниқланган. 

Қайд этилишича, бундай ҳолатларда истеъмолчи:

– фақат ўзига керак бўлган хизматни танлай олмайди;

– мобиль иловадаги шартномани тўлиқ ўқиб чиқмаслиги ёки унинг мазмунига тушунмаслиги сабаб, норози бўлган ҳолда офертани тасдиқлаб қўйиши мумкин;

– кейинчалик "мен фақат битта хизматни хоҳлагандим, менга бошқа шартлар ҳам қўшилиб қолибди" мазмунидаги эътирозлар билан банкка мурожаат қилишга мажбур бўлади.

Марказий банк таъкидлаганидек, айрим банклар томонидан мижозларнинг бир нечта хизматга мажбурий тарзда рози бўлиши ҳолатлари учраб турибди. Бу эса ҳуқуқий жиҳатдан ҳам, адолат ва холислик тамойилларига кўра ҳам йўл қўйилмайдиган амалиёт ҳисобланади. 

Қонунчилик нима дейди?

Хатда бир қатор қонун нормаларига алоҳида урғу берилган. Хусусан, Фуқаролик кодексининг 787-моддасига кўра, банк мижоз маблағларидан фойдаланиш ҳуқуқини чеклашга фақат қонун билан белгиланган ҳолларда йўл қўйилади. Шунингдек, мазкур Кодекснинг 9-моддаси иштирокчиларнинг муносабатларда ҳалол, оқилона ва адолатли ҳаракат қилиши шартлигини белгилайди.

"Рақобат тўғрисида"ги Қонуннинг 18-моддасига мувофиқ, шартномада товар ёки хизматга алоқаси бўлмаган талабларни мажбурий қўшиш ман этилади. 

Марказий банк таъкидлаганидек, истеъмолчи фақат битта хизматни танласа, банк унга керак бўлмаган бошқа хизматларга ҳам автоматик розилик қўшиб юбормаслиги лозим. Бундай ҳолатларда банк томонидан қўшимча комиссия ёки хизмат шартларини мажбурий тарзда юклаш адолатли амалиётдан четга чиқиш ҳисобланади.

Тижорат банкларига кўрсатмалар

Марказий банк барча банклардан бир нечта талабларга қатъий амал қилишни сўраган. Жумладан, истеъмолчиларга хизматларни тақдим этишда устун музокара кучидан суистеъмол қилмаслик, мижоз фақат ўзи хоҳлаган хизматга алоҳида розилик билдиришини таъминлаш, бошқа хизматлардаги шартларни мажбурий қўшишни тўхтатиш.

Шунингдек, банклар комиссиялар ва хизмат тўловларини жорий этишда холислик ва шаффофликка риоя қилиши, комиссиялар фақат адолатли, асосланган ва аниқ маълум этилган ҳолда қўлланилиши лозимлигини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил май ойида ҳам Марказий банк тижорат банкларига ушбу мазмунда кўрсатма хати юборган эди.


Теглар:

#Марказий_банк#талабнома

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган