Ўзбекистон олтин-валюта захиралари янги рекорд даражага етди

09.12.2025 10:08

102

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари кетма-кет тўртинчи ой мутлақ рекордни янгиламоқда. Ноябрь ойида захиралар ҳажми яна 1,9 млрд долларга кўпайиб, 61,2 млрд доллардан ошди. 2025 йил бошидан буён олтин-валюта захираларимиз 20 млрд доллардан кўпроққа ўсди.

Фото: Getty images

Ноябрь ойида Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари ҳажми 1,9 млрд долларга ошиб, навбатдаги тарихий рекордни ўрнатди. Бу ҳақда Марказий банк маълумот берди.

1 декабрь ҳолатига кўра, регулятор захираларидаги активларнинг умумий қиймати 61 млрд 232 млнд долларни ташкил этди ва ўтган ойга нисбатан 3,2 фоизга ўсди. Бу олтин-валюта захиралари статистикаси очиқланаётган даврдан бери янги рекорд кўрсаткичдир.

Шундай қилиб, олтин-валюта захиралари кетма-кет тўртинчи ой мутлақ рекордни янгилади — августда уларнинг ҳажми биринчи марта 50 млрд доллардан ошган эди, сентябрь ойида қарийб 55 млрд долларга етди, октябрь ойида эса қарийб 60 млрд долларга тенг бўлди. 2025 йил бошидан буён захиралар 20 млрд доллардан кўпроққа ошди.

“Ўзбекистон Республикасининг ялпи халқаро захиралари ҳажми 2025 йил ноябрь ойида 1,9 млрд долларга ошди. Хусусан, ой давомида олтин нархининг 4013,20 доллардан 4159,40 долларгача ошишининг таъсири +1,8 млрд долларни ташкил этди”, дея изоҳ берди Марказий банк.

Захиралардаги олтиннинг рекорд даражада ошиши фонида хорижий валютадаги захира активлар 1,1 млрд долларга камайган ва 9,8 млрд долларни ташкил қилган. Бошқа мамлакатлар марказий банклари ва ХВЖдаги ҳисоб рақамларидаги валюта захиралари миқдори 979,4 млн доллар (+12,6 млн доллар), хорижий банкларда эса 7,3 млрд долларга (-1,6 млрд доллар) тенг бўлган.

Шунингдек, Марказий банк томонидан сотиб олинган қимматли қоғозлар қиймати 503,3 млн долларга ошиб, 1 526,5 млрд долларга етди.

Теглар:

#валюта#олтин-валюта

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган