Молиявий технологиялар соҳасини янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилди

28.11.2025 15:29

97

Президент қарори билан Марказий банкка миллий финтех стратегияси ишлаб чиқиш, янги P2P инструмент жорий этиш, “Иш ҳақи лойиҳаси қуллиги”дан воз кечиш каби вазифалар берилди. 2026 йил якунига қадар, тижорат банкларида статистик, молиявий ва назорат маълумотларини юбориш бўйича ягона рақамли RegTech тизими жорий қилинади.

Фото: Bankers.uz

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ–359-сон қарори (27.11.2025 й.) билан Ўзбекистонда финтех экотизимини тубдан янгилашга қаратилган вазифалар белгилаб берилди. Қарорга мувофиқ, молиявий технологияларни ривожлантириш бўйича масъул ташкилот сифатида Марказий банк бириктирилди. Унга кўра:

  • Очиқ банкинг(Open Banking): 2026 йил 1 сентябрга қадар банклар ва финтех компаниялари ўртасида хавфсиз ва стандартлашган маълумот алмашинувини таъминлайдиган очиқ банкинг тизими жорий этилади.
  • Chief Data Officer (CDO) лавозими: 2025 йил якунига қадар Марказий банк ва тижорат банкларида Маълумотларни бошқариш бўйича бош директор (CDO) лавозими жорий этилади.

Марказий банк бир қатор молиявий инструментларни жорий этади

Янги P2P инструмент. Марказий банкнинг тўлов тизимида жисмоний шахслар учун мобиль рақамдан фойдаланган ҳолда уларнинг банк ҳисобварақларидан тўғридан-тўғри ўтказмалар хизмати жорий қилинади. Регуляторнинг Тезкор тўловлар тизимида жисмоний шахслар ўртасида “P2P” ўтказмаларини амалга ошириш имконияти ишлаб чиқилади ва тўлов хизматларини кўрсатувчиларга Open API кўринишида тақдим этилади.

“Иш ҳақи лойиҳаси қуллиги”дан воз кечилади. Чакана банк хизматлари ва тўлов хизматлари бозорида рақобатни рағбатлантириш мақсадида мажбурий мижозлар аудиториясидан воз кечган ҳолда фойдаланувчиларга банк картасини очишда имкониятлар яратилади. Бунда фуқароларга ўз маошини оладиган банкини ёки электрон ҳамён провайдерини танлаш ҳуқуқи берилади.

Универсал QR-код жорий этилади. QR-кодлар орқали тўловларни амалга оширишнинг ягона стандартлари татбиқ қилинади.

Марказий банкка қўшимча вазифалар юкланди:

Банк сирини учинчи шахсларга бериш ҳуқуқий тартибини янгилаш: 2026 йил 1 февралига қадар, мижознинг рухсати билан маълумотларни учинчи шахсларга тақдим этиш бўйича қонунчиликка ўзгартиришлар киритилади.

Реал вақтда ҳисобларни кўриш имконияти: 2026 йил 1 февралига қадар, фуқаролар Марказий банкнинг Тезкор тўловлар тизими орқали банк ҳисобварағидаги ҳаракатларни реал вақтда кўра олади ва дарҳол ўтказма амалга оширади.

Миллий финтех стратегияси (2026–2030): 2026 йил 1 апрелга қадар, хорижий консультантлар иштирокида миллий финтех стратегияси ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилади.

Ягона рақамли RegTech тизими: 2026 йил якунига қадар, тижорат банкларида статистик, молиявий ва назорат маълумотларини юбориш бўйича ягона рақамли RegTech тизими жорий қилинади.

Венчур фондни бошқариш учун халқаро компания жалб қилинади: 2026 йил 1 июлга қадар, венчур капитал ва финтех соҳасида тажрибали хорижий компания фонднинг операцион бошқарувчиси сифатида танланади.

Шунингдек, 2026 йил 1 январдан бошлаб тўлов воситаси сифатида барқарор токенлар айланмасини тартибга солишнинг махсус ҳуқуқий режими жорий этилади. Бунда:

  • маълумотларнинг тақсимланган реестри технологияси асосида фаолият юритувчи тўлов тизимини яратиш бўйича пилот лойиҳалар амалга оширилади;
  • "тартибга солиш қумдони" режимини жорий қилиш тартиби ва унинг амал қилиш муддати Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан Марказий банк билан биргаликда белгиланади.

Теглар:

#қонунчилик#президент_қарори

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган