“Ўзбекистонда молиявий технологиялар соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–359-сон, 27.11.2025 й.) қабул қилинди. Қарор билан 2026–2030 йилларда молиявий технологиялар соҳасини ривожлантиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари белгилаб берилди.
Хусусан, қарорга кўра, молиявий технологиялар соҳасидаги стартапларга 1 млрд АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестициялар жалб қилинади. Шунингдек, молиявий технологиялар бозори иштирокчилар сонини камида 200 тага етказилади.
Марказий банк ҳузурида МЧЖ шаклида устав жамғармаси 50 млн АҚШ доллари эквивалентига тенг бўлган стартап лойиҳаларни молиялаштирадиган венчур фонди, шу билан бирга, молиявий технологиялар соҳасидаги стартаплар учун инновацион хаб ташкил этилади.
2026 йил 1 январдан инновацион хаб иштирокчиларига молиявий технологиялар бўйича курсларда ўқиш ва сертификат олиш билан харажатларининг 50 фоизигача қисми, бироқ 20 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмаган миқдорда қоплаб берилади.
2026 йилдан ҳар йили Марказий банк томонидан молиявий технологиялар соҳасида халқаро форумлар ташкил этилади.
Шунингдек, қарорга кўра, 2026 йил 1 сентябргача банклар, тўлов ташкилотлари ва молиявий технологиялар бозори иштирокчилари ўртасида хавфсиз маълумот алмашинувини таъминлайдиган “очиқ банкинг” тизими жорий этилади.
2026 йил 1 январдан тўлов воситаси сифатида барқарор токенлар айланмасини тартибга солишнинг махсус ҳуқуқий режими жорий этилади. Бунда:
- маълумотларнинг тақсимланган реестри технологияси асосида фаолият юритувчи тўлов тизимини яратиш бўйича пилот лойиҳалар амалга оширилади;
- “тартибга солиш қумдони” режимини жорий қилиш тартиби ва унинг амал қилиш муддати Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан Марказий банк билан биргаликда белгиланади.
Қайд этилишича, 2026 йил 1 январдан Ўзбекистон резидентлари бўлган юридик шахслар томонидан токенлаштирилган акция ва облигацияларни эмиссия қилишга рухсат берилади.
Ўзбекистон ҳудудида биржа фаолиятини амалга ошириш учун лицензия олган фонд биржаларида токенлаштирилган акция ва облигацияларни жойлаштириш ҳамда уларнинг муомалада бўлиши учун алоҳида савдо майдончаси ташкил этилади.
Қарорнинг тўлиқ матни ҳозирча эълон қилинмади.
