Ipoteka Bank OTP Group таълим амалиётлари платформасини намойиш этди

27.11.2025 13:19

281

Ipoteka Bank OTP Group Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг навбатдан ташқари мажлисида таълим амалиётлари платформасини намойиш этди. Платформа талабалар, олий таълим муассасалари ва иш берувчилар учун ягона рақамли маконга айланиши кутилмоқда.

Фото: Ipoteka Bank OTP Group

Ipoteka Bank OTP Group Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг навбатдан ташқари мажлисида мамлакат учун муҳим ташаббус — ўзбекистонлик талабалар учун миллий рақамли амалиёт платформасини ишлаб чиқиш таклифини берди.

Ташаббуснинг асосий вазифаси — таълим ва бизнес ўртасидаги самарали ҳамкорликни ривожлантириш, талабалар учун амалий тажрибага кириш имконини кенгайтириш ва ташкилотларга малакали ёш мутахассисларни аниқлашда қўллаб-қувватлашдан иборат.

“Мамлакатнинг барқарор стратегияси инсон омилларидан бошланади. Биз Ўзбекистоннинг келажаги касбий фаолиятда илк қадамларини қўяётган истеъдодли ёшлар орқали қурилишига ишонамиз. Амалга оширилаётган ташаббуслар ёшлар қўяётган қадамларини ишончли, имкониятларини шаффоф қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир”, дея таъкидлади Ipoteka Bank OTP Group HR директори Венера Ерзина.

Платформа талабалар, олий таълим муассасалари ва иш берувчилар учун ягона рақамли маконга айланиши кутилмоқда. Унда талабалар амалиёт ўташ жойини аниқлаши, кўникмаларини баҳолашдан ўтиши ва ўз ривожланишини кузатиб бориши, ташкилотлар эса ўз навбатида, тайёр таҳлилдан фойдаланган ҳолда номзодлар базасини кўздан кечириш имконига эга бўлади.

Бугунги кунда платформанинг асосий тузилмаси, базавий мезонлари ишлаб чиқилган, шунингдек, лойиҳа доирасида тадқиқотлар ўтказилиб, амалдаги амалиётлар каталоги шакллантирилган. Яратиладиган платформа ўз ичига талабалар ҳақидаги маълумотнома, саралаш имконини берувчи амалиётлар каталоги, ташкилотларга эълон қилиш ва мурожаатларни бошқариш вазифаларини олади.

Шу билан бирга, Ipoteka Bank OTP Group томонидан юқори малакали техник амалиёт жамғармаси ҳамда узлуксиз таълим дастурларини жорий этиш таклифи ҳам берилган. Ушбу ташаббуслар иқтисодиётнинг истиқболли соҳаларида ёш мутахассисларни амалий тайёрлашнинг яна бир муҳим воситасига айланади.

Ipoteka Bank OTP Group амалиётлар платформасини яратилиши мамлакатда замонавий кадрлар тайёрлаш тизимини шакллантиришда муҳим қадам бўлиши, истеъдодли ёшларнинг салоҳиятини тўлиқ намоён этиш ва Ўзбекистон иқтисодиётининг кадрлар асосини мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонади.


Теглар:

#Ipotekabank

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган