Банкларга аҳоли бандлигини таъминлашда кўмаклашиш бўйича топшириқлар берилди

21.11.2025 16:48

30

Президент раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида аҳоли бандлигини таъминлашнинг бешта йўналиши белгилаб берилди. Бунда банкларга аҳоли ва тадбиркорларга имтиёзли кредитлар ажратиш, кичик саноат лойиҳаларини амалга ошириш, "Агростар" компанияларини ташкил қилиш каби вазифалар юклатилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 19 ноябрь куни камбағалликни қисқартириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар сарҳисоби ва келгуси йил учун устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда Президент мутасаддиларга, шу жумладан банк секторидаги раҳбарларга бандликни таъминлаш бўйича топшириқлар берди.

Йиғилиш аввалида маҳаллаларга яхши лойиҳаларни шакллантириш ва молиялаштириш учун банкирлар бириктирилгани лекин, айрим туман банкирлари давлатнинг арзон ресурсини самарасиз лойиҳаларга бериб юбораётгани танқид қилинди.

Мутасаддиларга маҳаллаларга тушиб, лойиҳалар самарадорлигини ўрганиш, соҳада назорат ва интизомни кучайтириш топширилди.

“Эҳтиёжманд оилаларнинг энг оғир қатлами қолди. Бундай 400 минг оилани камбағалликдан чиқариш учун вилоят, туман ҳокимининг биринчи ўринбосарлари, бандлик, банк раҳбарлари, “маҳалла еттилиги” ўзини дунёқараши ва иш услубини ўзгартириши керак”, деди Президент.

Фото: Президент матбуот хизмати

Келгуси йилда камбағаллик ва ишсизлик даражасини 4,5 фоиздан камайтириш мутасаддиларнинг асосий вазифаси бўлиши қайд этилди.

Кейинги йилда иқтисодиётга 450 трлн сўм кредит ажратилади, 140 трлн сўми маҳалладаги кичик ва ўрта лойиҳалар учун берилади.

Давлат раҳбари бу борадаги ишларни ташкил қилишнинг асосий йўналишларини белгилаб берди. Бунда банкларга қуйидаги вазифалар юклатилди:

Биринчиси – қурилиш орқали аҳолини ишли ва даромадли қилиш.

Вилоят, туман ҳокимлари, Туризм қўмитасига йил якунигача барча маҳаллалар учун мастер режа қилиш, ер аукционлари ва лойиҳаларни тадбиркорларга эълон қилиб, қурилиш ишларини бошлаш топширилди. Туман банклари бу жойларда меҳмон уйлари барпо этиш учун 150 млн сўмгача имтиёзли кредит ажратишни йўлга қўяди.

Иккинчи йўналиш – сервис лойиҳаларини кўпайтириб, аҳоли бандлигини таъминлаш.

Келаси йилда 150 та маҳалланинг ҳар бирига инфратузилма учун 3-5 млрд сўмдан берилади. Туман банклари меҳмон уйларини барпо этиш учун 150 млн сўмгача имтиёзли кредит ажратишни йўлга қўяди.

Бундан ташқари, соҳил ва йўл бўйида сервисни ривожлантириш бўйича 500 та маҳалла танлаб олинган. Туман банклари бу жойларда камида 5 та доимий иш ўрни яратадиган лойиҳаларга 1 млрд сўмгача кредит беришни йўлга қўяди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Учинчи йўналиш – саноат лойиҳалари орқали доимий иш ўринларини кўпайтириш.

Келгуси йилда ҳудудлардаги корхоналарда 52 млрд долларлик саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш режа қилинган. Туман ҳокимларига келаси йилда саноатга ихтисослашган бундай маҳаллаларда 50 та “микросаноат маркази”ни ишга тушириш, банклар билан биргаликда камида 800 млрд сўмлик 1,5 минг кичик саноат лойиҳасини амалга ошириб, 10 минг нафар одамни ишли қилиш топширилди.

Тўртинчи йўналиш – қишлоқ хўжалиги ҳисобидан аҳоли даромадларини ошириш.

"Agrostar" компаниялари яхши ишласа, 1 мингта ихтисослашган маҳалланинг ўзидан 500 млн доллар экспорт, қўшимча 100 минг одамни даромадли қилиш мумкин.

Қашқадарё, Наманган, Сирдарё, Хоразм вилоятлари ҳокимларига банклар билан ҳамкорликда ўз ҳудудида "Агростар" компанияларини ташкил қилиш топширилди.

Бешинчи йўналиш – эҳтиёжманд оилаларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш.

Янги йилдан “Тенг имкон – инклюзив бандлик” лойиҳасини жорий этиб, ногиронлиги бўлган 40 минг одамни ишли қилиш муҳим экани таъкидланди. Бандлик жамғармасидан уларга 30 миллион сўмгача фоизсиз ссуда ажратиш йўлга қўйилади.

Теглар:

#Президент#видеоселектор

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган